Таниқли хонанданинг ўлими билан яна бир давр ўз ниҳоясига етди.
Мусиқа қисқа муддатли тарихнинг, яқин ўтмишнинг, даврнинг руҳини беришда энг яхши восита эмасми, қайта қуришнинг якуни, мустақилликнинг дастлабки йиллари Руслан Шариповнинг қўшиқлари руҳи билан уйғунлашиб кетган.
Унинг қўшиқлари миллий руҳ, миллий заминдан бироз узилган эди. Лекин биламизки, болалар, ёшлар руҳи ва онгига сингган туйғу ва ғоялар абадий қолади.
Хонанда-бастакорнинг биз билган қўшиқлари айнан ёшлар учун мўлжалланган. Шу сабабли ҳам бугун ўша оҳанглар даврнинг руҳи, хотирасидай жаранглайди.
Мана, хонанданинг вафоти билан даврлар ўртасидаги яна бир ришта батамом узилди. Аслида ушбу узилиш бундан ўн йиллар бурун рўй берган эди. Лекин унда ҳали хонанданинг ҳаёт экани унинг қўшиқлари ва оҳангларини хотирага айланишига қўймаган эди. Бир зумда бу овоз ва оҳанг ўтмишга айланди.
Шу ўринда Руслан Шарипов даври ва ундан кейинги замон эстрадасидаги ўхшашлик ва фарқлар ҳақида.
Ўхшашлик: ҳар иккаласи ҳам ёши улуғларга ёқмаган
"Болалар", "Сетора", "Шаҳзод" ва "Хўжа" гуруҳларининг Руслан Шарипов басталаган қўшиқлари даврнинг овози бўлиб жаранглаганига, бугун замоннинг хотирасига айланганига қарамай, барибир уларни ёши улуғлар эшитмаган. Бироқ, биламизки, замонанинг русуми ва қоидаларини ёшлар белгилайди. Айниқса санъатда. Улар кўнгил тўлқинларида ғарқ бўлаётганда катталар кўпроқ тижорат ва сиёсат билан банд бўлади-да.
Нима бўлишидан қатъий назар, Руслан Шарипов ўз даври эстрадасини яратишда – бирор янгилик олиб келишга, оригинал, ўзига хос бўлишни истаган. Шунинг учун ҳам у яратган оҳанглар ва қўшиқлар – ўз даврини яққол ифодалаб беради. Йиллар ўтган сари ушбу оҳанглар 80-90 йилларнинг янада ёрқинроқ тимсолига айланади. Бунда, албатта, биз тилга олаётган бастакорнинг ўрни беқиёс.
Яна бир ўхшашлик бу – ҳар икки давр эстрадасидаям адабиётдан узоқлик, шеъриятни чуқур тушунмаслик, сўзга эътиборсизлик ва бунга ҳаракат ҳам қилмаслик (Балки бу эстраданинг умумий хусусиятидир).
Фарқ: на маъно, на ўзига хослик…
Бугунги эстрадага эса, нафақат ўзига хослик, балки ўз фикрига эга бўлиш ҳам етишмаяпти. Ретро, деб эски қўшиқларни қайта куйлаш одат тусига кирган. Тўғри, илгари ҳам эски қўшиқларни янги куйга солиб айтишган, лекин янги қўшиқлар албатта ўзида янги бир хусусият, янги оҳанг ёки ўзгача услуб касб этган. Аксинча, бунинг нимасини ижод дейиш мумкин?
Сўзга эътиборсизлик янада кучайди. Ўзбек классик шоирлари асарлари умуман саҳнани тарк этди деса ҳам бўлади. Ҳар замонда долзарб бўлган, классиклар орасида энг содда ва тушунарли шоир Машраб ғазалларига умуман мурожаат қилмай қўйишди.
Савол: Нега? уни тушуниш оғирлашмоқдами? Миллат ўзгариб, ўз-ўзига бегоналашиб бормоқдами?!
Балки бунга адабиёт айбдор? Балким қўшиқбоп шеърлар ёзилмаётгандир?
Лекин гап адабиётда эмас. Адабиёт ривожланмоқда. Фақат эстрада борган сари ундан узоқлашмоқда. Эстрада – оммабоп-томоша жанри бўлгани учун кўпроқ томошабин фикрига боғланган. Яъни мижоз қандай "таом" буюрса ўшани саҳнага олиб чиқади. Адабиёт эса, қанчалар ғалати туюлмасин, ўқувчисиз ҳам ривожланаверади.
Бу ҳолат эса – даврда, авлодда фикр ва туйғулар тақчиллигидан дарак беради. Ҳа-ҳа, бугунги эстрада жамиятдаги – фикрсизлик, гўллик ва дидсизликдан дарак беради. Ишонмасангиз эшитиб кўринг.
Демак фикрлайдиган, ўзига хосликка интиладиган авлод йўқолиб бормоқда, ижодкорлик етишмаяпти. Ана шу нарса бутун жамиятни ташвишга солиши лозим.
Ҳозирги замон "шедеврлари"
Ҳозир "Вой, мани акахонларим!" деган ёки "Вапше, маладес!" деган хонишларинг ўзиёқ одамларнинг қулоғига елимдай ёпишмоқда. Бунда энди кимни айблаш ҳам мушкул: санъаткорними, тингловчиними? Тузукроқ қўшиқ басталаб, халқнинг савиясини ўз ортидан олиб кетишга қодир бўлмаган бастакорларними?
Ўзи, аслида тингловчи анчайин енгилтак бўлади. Айниқса эстрада тингловчилари. Бастакор, ижодкор ўзини бироз баландроқ қўя билиши, тингловчини ўзи томонга оғдира олиши лозим экан, ўзи тингловчи ортидан эргашмай.
Қадри билинмай ўтиб кетди
Руслан Шарипов шундай бастакорлардан эди: тингловчининг хоҳишини тушуниб етади, унга ён босади, лекин ўзининг талабларини ҳам қўя билади.
Афсусли томони – бастакор энди миллий руҳга ўтиб, фалсафий қарашлар билан, мулоҳазали қўшиқлар яратадиган даври келганида турли муаммоларга дучор бўлди, муаммоларни бартараф этганида эса, ҳаёт якун топди!
Шундай, Руслан Шарипов шўх, қувноқ, майин оҳангли қўшиқлари билан ўз даврининг тимсоли бўлиб қолади.
Бастакор кўп бора соядан чиқишга уринганига қарамай, унинг табиатидаги камтарлик қон-қонига сингиб кетган эканми, ўзи амалга оширган ишларчалик, шуҳратга эга бўлолмади.
Мана, ҳатто охирида ҳам, даврнинг руҳи ва овози бўлишига қарамай, кўпроқ "Наргизнинг собиқ турмуш ўртоғи" сифатида эсланмоқда. Ҳолбуки у бу дунёда Наргизга уйланишдан ҳам каттароқ ва муҳимроқ ишларни қилган. Замондоши бўлган ҳар бир кўнгилда ўз даври ва ўзига кичиккина бўлса-да, ҳайкал ўрнатган. Фақат биз кўнглимизга эътибор бермай қўйганмиз.