Фарғона вилоятидаги спорт заллар ҳам шифохонага айлантирилди

Фарғона, Марғилон ҳамда Қўқон шаҳарларидаги спорт таълим муассасаларининг мавжуд спорт залларида коронавирус беморлари учун жой тайёрланган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 30 июл — Sputnik. Фарғона вилоятидаги қатор спорт заллар шифохонага айлантирилди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Таъкидланишича, Фарғона вилоятида ҳам коронавирус билан касалланган беморлар учун жорий йилнинг 1 август ҳолатига кўра 12 600 та захира жой тайёрланиши режалаштирилган эди ва мақсадга эришилди.

Бунинг учун вилоятдаги хусусий шифохоналар ҳамда 14 та катта спорт залларда ҳам қайта мослаштириш ишлари олиб борилди.

Тошкентда спорт мажмуалари шифохонага айлантирилмоқда

“Жумладан, Фарғона, Марғилон ҳамда Қўқон шаҳарларидаги спорт таълим муассасаларининг мавжуд спорт залларида шу кунга қадар коронавирус ташхиси қўйилган беморлар учун жами 805 нафар фуқароларга тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида даволаниш жойлари тайёрланди”, - дейилган хабарда.

Беморларга шарт-шароитлар яратиш мақсадида спорт заллар хона-хоналарга бўлиниб, ҳар бир хонага санитария эҳтиёж анжомлари ва тиббий жиҳозлар ўрнатилмоқда.

Хусусан, 500 дан ортиқ кислород концентраторлари ва сунъий нафас олдириг аппаратлари олиб келинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда спорт мажмуалари шифохонага айлантирилаётгани хабар қилинган эди.