Қозоғистонда карантин яна икки ҳафтага узайтирилди

Қозоғистон президенти Касим-Жомарт Тоқаев мамлакатдаги эпидемиологик вазият масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 29 июл – Sputnik. Қозоғистон президенти Касим-Жомарт Тоқаев мамлакатдаги карантин чекловларини кейинчалик босқичма-босқич юмшатиш шарти билан яна икки ҳафтага узайтиришга кўрсатма берди. У бу ҳақда бугун Акордада ўтказган йиғилишда маълум қилган.

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 22,1 минг нафардан ошди

"Июл ойида жорий этилган чеклов чораларининг ижобий таъсирини янада кучайтириш ҳамда Қозоғистон ва қўшни давлатлардаги эпидемиологик вазиятнинг мураккаблашуви эҳтимолини ҳисобга олган ҳолда, Касим-Жомарт Токаев давлат комиссиясига кейинчалик босқичма-босқич юмшатиш шарти билан карантин тадбирларини икки ҳафтага узайтиришга кўрсатма берди", - дейилади Акорда сайтидаги баёнотда.

Қозоғистонда ўтган бир сутка давомида коронавирусни юқтирганлик бўйича 1 544 та ҳолат қайд этилган, касалланганларнинг умумий сони 86 192 нафарга етган.

Соғайган беморлар сони 56,6 мингдан зиёдни ташкил этади. Қурбонлар сони эса 793 нафар.