Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ташкил этилди

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ҳамда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари тугатилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 28 июл — Sputnik. Ўзбекистонда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ташкил этилди. Бу президент имзолаган фармонда белгиланган.

Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморларни даволашга ҳарбийлар жалб этилади

Шу муносабат билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари тугатилди.

Санитария-эпидемиология хизматининг тиббиёт, санитария-эпидемиологик ва бошқа ходимларига коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб этилган даврда уларнинг ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар тўланади.

2021 йил 1 январдан бошлаб Санитария-эпидемиология хизмати ходимларининг амалдаги ойлик иш ҳақларига қўшимча равишда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига ёки хорижий давлатларнинг унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларига эга бўлганда лавозим маошига – 30 фоиз, фан доктори (DSc) илмий даражаларига эга бўлганда – 60 фоиз ҳар ойлик устамалар белгиланади.

Санитария-эпидемиология хизмати Давлат бюджетидан тизимга ажратилган маблағлар, уларнинг сарфланиш йўналишлари, самарадорлик натижалари юзасидан маълумотларни ҳар ой якуни бўйича жамоатчиликка эълон қилади ва ўзининг расмий веб-сайтида жойлаштириб боради.

Фармон билан, шунингдек, Санитария-эпидемиология хизматининг бюджетдан ташқари Махсус жамғармаси ташкил этилди.