Ўзбекистонда цемент импорти тартиби соддалаштирилади

Қарор билан цемент маҳсулотини импорт қилинганда уни 1-2 кун ичида эркин муомалага чиқариш имконияти яратилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 26 июл — Sputnik. Ўзбекистонда цемент импорти тартиби соддалаштирилади. Ҳукуматнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, республикага олиб кириладиган цементни эркин муомалага чиқаришни соддалаштирилган тартиб асосида амалга ошириш амалиёти қўлланади.

“Унга кўра, цемент маҳсулотини импорт қилинганда уни 1-2 кун ичида эркин муомалага чиқариш имконияти яратилди. Аввал цемент импорт қилинганда камида 28 кунлик муддатдан кейин муомалага чиқарилар эди”, - дея эътибор қаратган Монополияга қарши курашиш қўмитаси.

Маҳсулотни эркин муомалага чиқариш (“ИМ 40” режимига ўтказиш) давлат божхона хизмати органлари томонидан  тегишли мувофиқлик сертификати асосида амалга оширилади (божхона қонун ҳужжатлари хавфи белгилари аниқланган ҳолатлар бундан мустасно).

Ҳар бир божхона юк декларацияси бўйича маълумот сертификатлаштириш органига “Ягона дарча” божхона ахборот тизими орқали юборилади ва цемент эркин муомалага чиқарилганда сертификатлаштириш органи билан импорт қилувчи ўртасида тузилган шартнома доирасида цементни хавф-хатарларни таҳлил қилиш асосида даврий равишда лаборатория синовларидан ўтказилади.

Цемент нархи нега ошди? Уюшма изоҳи

Қарор билан цемент маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда ички бозорни сифатли цемент билан таъминлаш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Унга кўра, республикада фаолият юритаётган цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан 2020 йил II ярмида 9 060,2 минг тонна (I ярим йиликка нисбатан 166% кўп) цемент ишлаб чиқаришни таъминлаш назарда тутилган.

Шунингдек, 2020-2021 йилларда 1 129 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш ҳисобига цемент ишлаб чиқариш бўйича жами 18 та лойиҳанинг (2020 йилда 7 та, 2021 йилда 11 та) ишга туширилиши белгиланган.

Қарорга мувофиқ, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига жавоб бермайдиган цементни олиб кирганлик, ички бозорда цемент маҳсулотларини чакана сотишда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун жарималар қўллашни назарда тутувчи тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.