ТОШКЕНТ, 25 июл - Sputnik. Жорий йилнинг олти ойи давомида Самарқанд вилоят ҳудуди бўйича маст ҳолдаги шахслар томонидан 65 та жиноят содир этилган. Мазкур кўрсаткич ўтган йилга нисбатан ошган.
Бу иллатга қарши курашиш, ичкилик таъсирида содир этиладиган жиноятларнинг олдини олиш ҳамда аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини кенг йўлга қўйиш мақсадида жорий йилнинг 20 июнидан 20 июлига қадар вилоятда "Ичкиликбозликка қарши курашиш ойлиги" эълон қилинди.
Ойлик доирасида вилоят ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси ходимлари ҳудудий давлат солиқ инспекциялари ходимлари билан ҳамкорликда алкоголь маҳсулотларининг ноқонуний савдосини аниқлаш ва бу иш билан шуғулланувчи "тадбиркор"ларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйиш мақсадида махсус рейд тадбирлари ўтказди.
Рейдларда 59 та алкоголь маҳсулотларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланиш ҳолатлари аниқланди, 767,9 литр спиртли ичимликлар мусодара қилинган ва ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилган.
Бундан ташқари, этил спирти, алкоголли маҳсулотларни қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш бўйича 7 та ҳолат аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.
Шунингдек, жамоат жойларида спиртли ичимликлар истеъмол қилган 1393 нафар шахсларга нисбатан 155 миллион 319 минг 500 сўм миқдорида жарималар қўлланилган.
Ойлик давомида соғлиқни сақлаш муассасалари ҳисобида турувчи 440 нафар спиртли ичимликка ружу қўйган шахслар, 25 нафар гиёҳвандликка чалинганлар ҳамда 86 нафар ижтимоий хавфли ташхиси қўйилган фуқаролар руҳий касаллар диспансерларига мажбурий даволаниш учун ётқизилган.
"Бу каби чора-тадбирлар фуқароларимизни огоҳликка чақириш, содир этилиши мумкин бўлган жиноят ва қотилликларнинг олдини олишга қаратилган", - дейилади Самарқанд вилояти ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси хабарида.