ТОШКЕНТ, 24 июл - Sputnik. Коронавируснинг такроран тарқалиши хавфи сақланиб қолмоқда, дея баёнот қилди ШҲТ Бош котиби Владимир Норов.
"Обрўли экспертлар фикрига кўра, вазият беқарорлигича қолмоқда ва умуман эпидемия ҳолати ёмонлашган ҳолда вируснинг қайта тарқалиш хавфи сақланиб қолмоқда. Шубҳасиз, ушбу омиллар ШҲТнинг янги таҳдидларга қарши чора-тадбирлар қўллашида тезкорликни талаб қилади, жумладан, соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик механизмларининг самарали ишлаши учун ҳуқуқий базани ва алгоритмни такомиллаштириш зарур", - деди Норов ШҲТга аъзо мамлакатлар соғлиқни сақлаш вазирларининг учинчи видеоконференц алоқа шаклидаги йиғилишида қилган чиқиши давомида.
Норовга кўра, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтаётган саммитида ташкилот аъзо-давлатларнинг минтақадаги эпидемиялар хавфига қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирлар режасини қабул қилиш режалаштирилган.
"Давом этаётган коронавирус пандемияси хавфининг жиддийлигини инобатга олган ҳолда, биргаликда олиб бориладиган саъй-ҳаракатлар ва ўзаро ёрдам ушбу фавқулодда вазиятни муваффақиятли бартараф этиш ва эпидемия тарқалишини тўхтатиш учун ўта муҳим аҳамият касб этмоқда" - деди у.
Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 11 март куни янги турдаги COVID-19 коронавирус инфекциясининг кенг тарқалишини пандемия деб эълон қилган эди. БССТ тақдим этган сўнгги маълумотларга кўра, дунёда 15 миллиондан зиёд беморланиш ҳолатлари қайд этилган, 650 мингдан зиёд одам вафот этган.