Алкогол савдоси лицензияси муддати чекланмайдиган бўлди - президент фармони

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Алкогол ва тамаки бозорини тартибга солиш ва виночиликни ривожлантириш агентлиги ҳамда виночиликни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади - президент фармони.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 24 июл – Sputnik. Ўзбекистонда алкогол чакана савдоси  билан шуғулланадиган муассасаларга бериладиган лицензия муддати чекланмайдиган бўлди. Бу ҳақида президентнинг 23 июл куни имзоланган 6033-сонли фармони айтиб ўтилган.  

Фармонга мувофиқ, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги ва Молия вазирлиги ҳузуридаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси негизида Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ва виночиликни ривожлантириш агентлиги ҳамда ушбу агентликнинг юридик шахс мақомига эга бўлмаган Виночиликни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди.

Агентликнинг асосий вазифалари сифатида қуйидагилар белгиланган: 

  1. алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси бўйича фаолиятни лицензиялаш;
  2. истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси бўйича фаолиятни амалга оширувчилар томонидан лицензия талабларига риоя этилишини назорат қилиш;
  3. алкоголь ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун корхоналар ўртасида истеъмол этил спиртини белгиланган тартибда тақсимлаш.
  4. соҳага инвестицияларни жалб этиш, узум етиштирувчилар ва вино тайёрловчиларни қўллаб-қувватлаш;
  5. ўзбек виноларининг миллий брендини яратиш ва уни жаҳон бозорларида кенг тарғиб қилиш тадбирларини амалга ошириш;

Шунингдек, ушбу Фармонга кўра 2020 йил 1 августдан:

  • алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш, шунингдек умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголь маҳсулотларини сотиш ҳуқуқига рухсат берувчи гувоҳнома чекланмаган муддатга берилади;
  • ишлаб чиқарувчилар томонидан туристик йўналишларда ташкил этилган дегустация ҳудудларида (жойларида) реализация қилинган табиий вино (қадоқлангандан ташқари) маҳсулотларига ноль даражали ставка бўйича акциз солиғи солинади;
  • ишлаб чиқарувчилар истеъмол этил спиртининг 50 фоиз ҳақини олдиндан тўлаш шартларида реализация қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу Фармон виночилик соҳасини жадал ривожлантириш, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда реализация қилиш соҳасида замонавий бошқарув тизимини жорий этиш, ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмларини ошириш, алкоголь маҳсулотлари ноқонуний айланмасига чек қўйиш мақсадида қабул қилинган.

Фармоннинг тўлиқ матни билан қуйида танишиш мумкин.