Тайёрагоҳми ёки аэропорт: Ўзбекистонга авиация терминлари луғати керак

Ўзбекистонда “Авиация терминлари луғати” яратиш вақти аллақачон келган. Бунинг учун Атамашунослик комиссияси ва соҳанинг тажрибали мутахассислари ўз хулосаларни беришлари керак, дейди мутахассис. 
Sputnik

ТОШКЕНТ, 23 июл – Sputnik. Ўзбекистонда “Авиация терминлари луғати” яратиш учун аллақачон зарурат туғилган, деб хабар қилмоқда Uzbekistan airports.

Uzbekistan airports АЖ бошқаруви раисининг маслаҳатчиси Алишер Абдураззоқов ёзишига кўра, бир неча йил олдин Ўзбекистон ОАВларида “тайёра”, “тайёрагоҳ”, “учоқ”, “бандаргоҳ” каби сўзларни уратиш мумкин эди, лекин ҳозир ушбу сўзлар умуман учрамайди.

“Бу сўз ва атамалар тилимизга ўрнашмади, оддий қилиб айтганда, халқ томонидан қабул қилинмади. Балки бу яхшиликкадир.”, - дейди Абдураззоқов.

Ҳар бир тушунчани қандай аташ кераклигини Давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳузуридаги Атамашунослик комиссияси соҳанинг тажрибали мутахассислари билан ҳамкорликда тегишли тадқиқотларни амалга ошириш ва хулосаларни беришлари керак. Уларнинг хулосалари асосида “Авиация терминлари луғати” тузилиши керак.

Тошкентда аэропорт ва вокзаллар очилди - видео

“Шунда аэропортларимиздаги кўрсаткич лавҳаларни ўзбекчалаштираётганимизда “Американи қайтадан кашф этишимизга” ҳожат қолмайди. Мисол учун, соҳага оид “аэропорт”, “аэродром” каби кўплаб терминларнинг туркий тилдаги муқобилини топиш ва амалга киритиш зарурми йўқми ва ҳоказо”, - дейди мутахассис.

Маълумки, Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотида (ICAO) 6та расмий тил қабул қилинган. Булар француз, испан, инглиз, рус, араб ва хитой тилларидир.

Мутахассис фикрига кўра, туркий тилли халқлар ҳам ICAOга турк тилини халқаро авиация стандартига қабул қилиш борасида ўз таклифларини беришлари мумкин. Бунинг учун Туркий тилли давлатлар кенгаши қўллови асосида ушбу масалани халқаро ҳамжамият эътиборига олиб чиқиши керак.