Собянин сентябрда Москвада карантин жорий этиш режалари ҳақидаги хабарни рад этди

Москва ҳукумати коронавирус туфайли янги чекловларни жорий қилиш нияти йўқ - Москва мэри Сергей Собянин.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 23 июл - Sputnik. Москва ҳукумати коронавирус туфайли янги чекловларни жорий қилиш нияти йўқ, деди Москва мэри Сергей Собянин “Россия 24” телеканали эфирида.

Ўзбекистонда коронавирус: 23 июль асосий хабарлари

“Бугун вазият жуда тинч ва барқарор, буёғига вакцинанинг чиқишини кутамиз”, - деди Собянин.

Шунга қарамай, инфекция ҳали тўлалигича йўқолмади ва шаҳар аҳолиси баъзи эҳтиёт чораларига риоя қилишлари керак, дея таъкидлади мэр. Бундан ташқари, чет элдан пойтахтга келганлар ПЦР-тестини топширганлиги ҳақида маълумотнома тақдим этишлари ёки шаҳарга кириб келганидан кейин тест топшириши керак.

Собянин таъкидлашича, шифокорлар тегишли дори пайдо бўлиши биланоқ аҳолини эмлашни бошлашга тайёр.

"Аммо, табиийки, бу бизга боғлиқ эмас. Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакцинани рўйхатдан ўтказиши керак, давлат рўйхатидан ўтказилиши керак. <...> Оммавий эмлатишсиз мавсумий касалликлар кучайиши билан боғлик кейинги даврлардан омон ўтиб олишимиз қийин бўлади”, - деб тушунтирди мэр.

Мэрнинг сўзларига кўра, Москва деярли бутунлай фаол ҳаётга қайтди.

Ўтган ҳафтанинг бошидан бошлаб пойтахтда аттракционлар, маданият ва истироҳат боғлари, ҳордиқ чиқарувчи ташкилотлар фаолияти қайта тикланди. Шунингдек, болалар оромгоҳлари очилди, тадбиркорлик фаолиятидаги чекловлар олиб ташланди. Бундан ташқари, ҳукумат кўчада мажбурий ниқоб ва қўлқоп тақишни бекор қилди. Енгиллаштиришнинг навбатдаги босқичи 1 августга белгиланган.

Россия ва дунёдаги COVID-19 билан боғлиқ сўнгги маълумотлар стопcоронавирус.рф порталида келтирилган.