Россия чегарасида сал кам 800 нафар мигрант қолмоқда

Самара вилоятидаги чегара яқинида ташкил этилган лагерда 676 нафар Ўзбекистон фуқаролари қолмоқда. Айни вақтда фуқароларни ватанга олиб келиш масаласи ҳал қилинмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 23 июл — Sputnik. Мигрантлар Россия Самара вилоятида чегара яқинида ташкил этилган лагерга келишни давом этмоқда.

Подольскда ўзбекистонлик мигрантлар ёш боланинг ҳаётини сақлаб қолишди

Ўтган ҳафта Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари олиб кетилганидан кейин, чегарада 793 киши қолмоқда, деб хабар беради Самара вилояти инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг матбуот хизмати.

Таъкидланишича, чегарада асосан 676 нафар Ўзбекистон фуқаролари, 117 нафар Тожикистон фуқаролари тўпланди. Улар орасида 16 нафар аёл ва 3 нафар бола.   

Вилоят омбудсманининг матбуот хизматида берилган маълумотга кўра, одамларни ўз ватанларига юбориш масаласи яқин кунларда ҳал қилинади.

Эслатиб ўтамиз, Россиядаги Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистон ҳудуди орқали ватанга қайтишлари мумкинлиги ҳақидаги ёлғон хабарга ишониб, рус-қозоқ чегарасида тўпланиб қолган эди. Элчихона Россия ҳудудидаги ватандошлардан турли ёлғон хабарлар ва миш-мишларга ишонмаслик, Россия-Қозоғистон давлатлараро чегара пунктларига боришга уринмаслик, ҳозирги яшаш жойларида қолиб, карантин чораларига қатъий риоя қилишларини сўраган эди.

Транспорт вазирлиги 16 июлда Самара ва Оренбург вилоятларидан Ўзбекистон фуқаролари темир йўли орқали ватанга қайтарилишини маълум қилганди. Иккита йўловчи поезд 1404 нафар йўловчи билан Кинель (Самара вилояти) бекатидан ва яна бири 702 нафар йўловчи билан Бузулук (Оренбург) бекатидан йўлга чиққанди. Фуқароларни рус-қозоқ чегарасидан олиб кетиш томонлар келишувига биноан амалга оширилмоқда.