Нурмат Отабеков коронавируснинг оғир асоратлари ҳақида айтиб берди

Коронавируснинг оғир шакли билан касалланган беморларда - ўпка етишмовчилиги ва ўпка фибрози, юрак, бўйрак ва асаб тизимида ўзгаришлар содир бўлиши кузатилмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 23 июл – Sputnik. Ўзбекистон Санитария эпидемиологик назорати давлат инспекцияси раҳбари Нурмат Отабеков коронавируснинг оғир шакли билан касалланган беморларда ўпка етишмовчилиги ва ўпка фибрози, юрак, бўйрак ва асаб тизимида ўзгаришлар содир бўлиши кузатилганини айтиб берди.   

Коронавируснинг оғир шакли билан касалланган беморларда  - тромбоэмболия, тромбоз, ўпка артерияси тромбоэмболияси ёки ўткир коронар етишмовчилик каби полиорган ўзгаришлар туфайли касаллик тузалгандан кейин ҳам баъзи беморларда ўпка ҳаётий сиғимининг  20-30% га камайиши, ўпка фибрози кузатилиши мумкин. Бу эса - ҳарсиллаш, сурункали кислород етишмовчилигига олиб келади, деди Отабеков.

Бундан ташқари коронавирус юрак-қон томир тизимида, буйракларда ва асаб системасида ҳам  патологик ўзгаришларни келтириб чиқариши мумкин.

Турли тасдиқланмаган манбаларда коронавирусдан даволангандан сўнг мия емирилиши, бепуштлик каби асоратлар қолади, деган маълумотлар тарқамоқда. Касалликнинг тиббий патогенези билан танишмаган ҳолда бундай гапларни тарқатиш ноўрин.

Коронавируснинг енгил шаклини бошдан кечирган беморларда касалликдан тузалгандан кейин деярли асоратлар кузатилмаяпти, деди бош санитар шифокор.

Маълумот учун, бугунги кунда Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 18 531 кишига етган. Улардан 9872 нафари (53%) соғайган. 99 киши ушбу инфекция қурбонига айланган, 8560 нафар беморга даво чоралари кўрилмоқда. Улардан 100 нафари оғир, 27 нафари эса ўта оғир аҳволда.