Мирзиёев карантин чекловлари 1 августдан кейин узайтирилишига розилик берди

Президентнинг қайд этишича, бугунги кунда энг муҳим вазифа аҳоли ўртасида вирус занжирини узиш ҳисобланади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 23 июл - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев амалдаги карантин чекловларини узайтириш таклифига розилик билдирди, деб хабар бермоқда президент матбуот-хизмати.

Ўзбекистонда коронавирус: 23 июль асосий хабарлари

Айни дақиқаларда Мирзиёев раислигида ўтказилаётган навбатдаги видеоселектор йиғилишида пандемияга қарши қандай кураш олиб бораётганига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Президентнинг қайд этишича, бугунги кунда энг муҳим вазифа аҳоли ўртасида вирус занжирини узиш ҳисобланади. Бунинг учун карантин талабларига сўзсиз амал қилиш, уларнинг иммунитетини мустаҳкамлаш, соғлигини асраб-авайлаш, ҳар бир инсоннинг ҳаёти учун курашиш зарур.

Шу муносабат билан, шунингдек, касаллик юқтирилишининг олдини олиш, ўлим ҳолатларини кескин камайтириш мақсадида Республика махсус комиссиясининг амалдаги карантин чекловларини узайтириш таклифига розилик билдирилди.

Бунда "Пандемияга қарши кураш – ҳар биримизнинг виждон ишимиз", "Ўзим, оилам, фарзандларим соғлиғи учун аввало ўзим жавобгарман", деган фикрларни халқимиз онгига чуқур сингдириш ва амалий ҳаёт мезонига айлантириш лозимлиги таъкидланди.