Ўзбекистонда педагоглар фаолиятига аралашганлик учун жарима белгиланди

"Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида" Қонун президент томонидан имзоланди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 22 июл - Sputnik. Ўзбекистон президенти имзолаган қонунга мувофиқ, эндиликда ўқитувчилар фаолиятига аралашганлик учун жавобгарлик белгиланади, деб хабар қилинди Адлия вазирлиги телеграм каналида.

Ўқитувчилар қоғозбозлик ишларидан озод қилинди

Қонун билан қатор қонунлар ва кодексларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, "Маъмурий жавобгарлик тўғрисида"ги кодекс 197⁵ - модда билан тўлдирилди.

Унга кўра, таълим муассасалари педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки таълим муассасаси педагог ходимининг хизмат вазифаларини бажаришга тўсқинлик қилиш жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланди.

Бундай ҳуқуқбузарлик учун:

- фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМнинг) 5 бараваридан 7 бараваригача (1 млн 115 минг сўмдан 1 млн 561 минг сўмгача);

- мансабдор шахсларга эса БҲМнинг 7 бараваридан 10 бараваригача миқдорида (1 млн 561 минг сўмдан 2 млн 230 минг сўмгача) жарима қўлланилади.

Ўқитувчиларнинг кўпроқ қайси касалликдан азият чекишлари айтилди

Шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса:

- фуқароларга БҲМнинг 7 бараваридан 10 бараваригача (1 млн 561 минг сўмдан 2 млн 230 минг сўмгача);

- мансабдор шахсларга эса БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорида (2 млн 230 минг сўмдан 3 млн 345 минг сўмгача) жарима қўлланиши мумкин.

Ушбу ҳуқуқбузарлик содир этилганда таълим муассасасининг педагог ходими маъмурий баённома тузмасдан ўз аризасида ҳуқуқбузарнинг шахси, ҳуқуқбузарлик содир этилган жой, вақт ва унинг моҳияти тўғрисидаги маълумотларни ҳамда бошқа зарур бўлган маълумотларни кўрсатган ҳолда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.