ЖССТ Ўзбекистонга қиймати 4 млн доллардан зиёд инсонпарварлик юкини етказиб берди

Қиймати 4 миллион доллардан зиёд инсонпарварлик юки Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига топширилган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 22 июл — Sputnik. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) Европа минтақавий бюроси Ўзбекистонга қиймати 4 миллион доллардан зиёд инсонпарварлик юкини етказиб берди. Бу ҳақда ЖССТнинг мамлакатдаги ваколатхонаси маълум қилди.

Юк Бирдамлик ва COVID-19 га қарши глобал жамғармаси орқали ташкилот бош қароргоҳи томонидан харид қилинган ва ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўмагида етказиб берилган.

Ўзбекистон Покистонга инсонпарварлик ёрдами жўнатди

Таъкидланишича, инсонпарварлик юкини жўнатиш икки босқичда амалга оширилган. Биринчи партия Тошкентга 8 июль куни етиб келган ва ўз ичига юз учун 619,4 минг дона ҳимоя воситаси ва 2,1 млндан зиёд жарроҳлик ниқобини олган.

Иккинчи партия пойтахтга 17 июлда етказиб берилди. У шахсий ҳимоя воситалари, жумладан, ҳимоя кўзойнаги (95,2 минг дона), ҳимоя халатлари (178 минг дона), жарроҳлик ниқоблари (12 минг дона), KN95 респиратор ниқобларидан (1 млн дона) иборат эди.

Юк Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига топширилган.