Карантин қачон тугаса, тест ўшанда ўтказилади - ДТМ

Ҳаммаси карантин тугашига боғлиқ - ДТМ вакили тест синовлари қачон ва қаерда бўлиб ўтиши ҳақидаги саволларга жавоб берди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 22 июл- Sputnik. Карантин қачон тугаса, тест ўшанда ўтказилади, деди ДТМ бошқарма бошлиғи Барно Ражабов 22 июл куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда. 

"Имтиҳонни кейинга кўчириш бўйича таклиф берилган. Карантин чекловлари қачон бекор қилинса, тест синови ўшанда ўтказилади. Агар 15 августда бекор қилинса, 15 августдан кейин, 1 сентябрда бекор килинса, 1 сентябрдан кейин ўтказилади", - деди Ражабов.

Шунингдек, ДТМ вакили имтиҳонлар бўлиб ўтадиган жойлар ҳақида маълумот берди. Унинг сўзларига кўра тестлар бўлиб ўтадиган жойлар рўйхати ҳали тасдиқланмаган. 

"Имтиҳонлар ўтказиладиган жойлар ҳали тасдиқланмаган. Тасдиқлангандан кейин маълум қиламиз. Стационарга айлантирилган павильонда имтиҳон ўтказилмайди.

Тест синовлари учун танланган жойлар катта сиғимли иншоот бўлиши аниқ", - деди бошқарма бошлиғи.

Бугун 22 июл куни АОКА залида "2020-2021-ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш якунлари, таҳлил ва хулосалар" мавзусида бўлиб ўтаётган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

маълумот учун, Ўзбекистонда 20 июль куни 2020-2021 ўқув йили учун абитуриентларни рўйхатга олиш ўз ниҳоясига етди. Республика бўйича жами 1 452 789 нафар абитуриент рўйхатдан ўтган.