Эрдоған Айя-София ҳақида 9 та тилда куйланган қўшиқ клипини Twitter’да жойлаштирди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған Айя-София ҳақида 9 та тилда айтилган қўшиқ клипини Twitter’ саҳифасида жойлаштирди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 22 июл — Sputnik. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған Twitter’даги саҳифасида Айя-София ҳақида айтилган қўшиқ клипи билан бўлишди. Қўшиқ 9 та тилда куйланган.

Видеода турли мусулмон давлатларининг ижрочилари иштирок этишди, уларнинг ҳар бири қўшиқнинг бир қисмини ўз она тилларида куйлашди: қирғиз, босния, албан, араб, озарбайжон, курд, суахили, бенгал, турк тилларидан фойдаланилган.

Айя-София ибодатхонаси Византия империяси даврида 532-537 йилларда қурилган ва 1000 йилдан ортиқ давр мобайнида насронийлар учун бош ибодатхона бўлган. 1453 йилда Константинопол (Истанбул) Усмонийлар империяси томнидан забт  этилганидан сўнг ибодатхона мусулмон масжидига айлантирилган. Айлантириш жараёнида унинг тўрт томонида тўртта минора қурилган ва ичидаги ноёб фреская ва безаклари устига сувоқ суркалган. Шунингдек унинг ичдаги устунларига Қуръон суралари ёзилган улкан пештахтаталар осилган.

1935 йилда Мустафа Камал Отатурк раҳбарлик даврида масжидга бетараф мақом берилиб у музейга айлантирилган.

2020 йил 10 июль куни Туркия Давлат кенгаши 1934 йилда Авлиё София соборини музейга айлантириш бўйича қабул қилинган қарорни бекор қилди. Ушбу воқеадан кўп ўтмай Ражаб Эрдоған Айя-Софияни масжига айлантириш ва у ерда мусулмонча ибодатлар бошлаш тўғрисида қарорни имзолаган.

ЮНЕСКО расмийлари собор мақоми ўзгартирилиши ҳақидаги қарорни "чуқур таассуф" билан қабул қилганликларини билдирдилар.