Ўзбекистон уч вилоятидаги майдонларни суғориш учун Тожикистондан қўшимча сув олади

Бу ишларни амалга ошириш учун Вазирлар маҳкамасининг захира жамғармаси ҳисобидан 1,5 млрд сўм маблағ ажратилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 21 июл — Sputnik. Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларининг майдонларини суғориш учун Тожикистоннинг “Бахри Точик” сув омборидан қўшимча сув олинади. Бу Вазирлар маҳкамасининг 2020 йил 18 июлда қабул қилинган тегишли фармойишида кўзда тутилган.

Сув хўжалигини ривожлантиришнинг 10 йилга мўлжалланган концепцияси тасдиқланди

Сув хўжалиги вазирлиги хабарида ёзилишича, фармойишга асосан “Бахри Точик” сув омборидан қўшимча сув чиқаришни ташкил қилиш мақсадида Тожикистонга қуввати 500 л/с, сув чиқариш баландлиги 10 м бўлган 5 дона А50ГО-0,5/10 русумли насос агрегати, 20 дона ЭЦВ турдаги ҳар хил насослар ва бошқа моддий-техник ресурслар етказиб берилади. 

Шунингдек, насос станцияларини таъмирлаш-тиклаш харажатлари қоплаб берилади. Бу ишларни амалга ошириш учун Вазирлар маҳкамасининг захира жамғармаси ҳисобидан 1,5 млрд. сўм маблағ ажратилади.

Ушбу моддий-техник ресурслар Тожикистон Энергетика ва сув ресурслари вазирлигининг тегишли ташкилотига қайтариб олмаслик шарти билан топширилади.