ТОШКЕНТ, 21 июл - Sputnik. "Миллий тикланиш" демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров CoViD-19нинг янги тўлқинини қандай тўхтатиш мумкинлиги борасида ўз фикрини билдирди.
Қодировнинг айтишича, вирусларни аниқлаш ва улар билан курашишда Исроил давлатидаги тажриба ўргангулик.
"Улар 2020 йилнинг 1 сентябригача барча кирувчилар учун чегараларини ёпди. Нимага? Чунки ичкарига кирган ҳар бир инсон вируснинг янги, бораётган жойидаги муҳитга мослашмаган типини олиб кириши мумкин. Бу янги тўлқин дегани. Пайғамбаримиз (с.а.с) ҳам “Вабо тарқалган жойга бормангиз, агар турган жойингизда вабо бўлса у ердан кетмангиз” деб бекорга айтмаганлар.
Хориждан ватандошларимизни олиб келишни тўхтатиш, уларни турган мамлакатларида даволанишларини молиялаштириш ҳақида ўйлашимиз керак. Бу биринчи навбатда ўша ватандошимизнинг қариндошларига, қолаверса бутун Ўзбекистонга яхшилик бўлади", - деб ёзган партия раҳбари ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида.