ТОШКЕНТ, 20 июл - Sputnik. Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги поликлиникаларни 24 соат хизмат кўрсатиш тартибига ўтказишни топширди. Бу ҳақида президент матбуот хизмати 20 июл куни бўлиб ўтган матбуот анжуманидан хабар қилмоқда.
"Пойтахтдаги 75 та поликиниканинг имкониятларини, ушбу муассасаларда фаолият олиб бораётган 3 мингдан ортиқ шифокор ва ҳамширани инфекциянинг енгил ва симптомсиз кечаётган беморларга хизмат кўрсатишга 24 соатлик узлуксиз режимда тўлиқ сафарбар қилиш топшириғи берилди", - дейилган хабарда.
Мажлисда шунингдек, бугунги кунда оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари COVID-19га қарши курашга тўлиқ жалб этилмаганлиги айтиб ўтилди. Президент хусусан қуйидаги ҳолатларга эътибор қаратди:
- оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари аҳолига ёрдам бериш учун 24 соатлик иш режимига ўтказилмаган;
- Тошкент шаҳридаги 11 та туман кўп тармоқли марказий ва 64 та оилавий поликиникада ҳар бирида 50 дан 200 нафаргача тиббиёт ходими мавжуд бўлса-да, уларнинг аксарияти куннинг фақат биринчи ярмида беморларни қабул қилишади;
- ҳар бир поликлиникада COVID-19 инфекциясининг енгил ёки симптомсиз кечаётган беморларга консультатив ёрдам кўрсатиш учун шакллантирилган 3 та шифокордан иборат махсус мобил бригада бириктирилган бўлиши керак, аммо айрим бригадаларда умуман врач йўқ;
- деярли барча поликлиникаларда рентген-диагностика кабинетлари мавжуд, лекин уларнинг имкониятларидан умуман фойдаланилмаяпти.
Юқоридаги муаммоларни ҳал қилиш вазифаси, ҳамда Тошкент шаҳридаги поликлиникаларни 24 соат хизмат кўрсатиш режимига ўтказиш бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев ва соғлиқни сақлаш вазирлигига юклатилди.
Президент шунингдек, ушбу фаолиятга жалб қилинаётган шифокор ва ҳамширалар меҳнатини рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқишни топширди.