Коронавирусга чалинганлар сони ошишига тайёр бўлишимиз керак - президент

Тошкент шаҳри ва вилоятида коронавирусга чалинганлар учун шифохоналарда ўрин-жойлар миқдори камида 2-3 бараварига оширилмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 20 июл – Sputnik. Бугун Ўзбекистонда аниқланган касалларнинг ярмидан кўпи (57%) Тошкент шаҳри ва вилоятида аниқланмоқда. Шу билан бирга касаллар сони янада ошиши мумкин ва шифохоналар шунга тайёр бўлиши керак деди, президент 20 июл куни бўлиб ўтган видеоселектор мажлисида.

“Коронавирусга чалинган фуқаролар сони янада ошиб бориши ҳеч гап эмас, дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев. Шу муносабат билан қисқа муддатларда ушбу касалликка чалинганларни даволаш учун яратилган қўшимча ўрин-жойлар сонини, биринчи навбатда олийгоҳлар ётоқхоналари, ёпиқ спорт майдонлари ва бошқа сиғими катта бино-иншоотлар ҳисобига, камида икки-уч баробарга оширилишини таъминлаш вазифаси қўйилди, дейилган хабарда.

Бугунги кунда Тошкент шаҳри ва вилоятида коронавирусга қарши курашда қуйидаги тайёргарлик ишлари кўрилмоқда: 

  • Тошкент шаҳрида мавжуд 16 та клиникага қўшимча COVID-19га  шубҳали беморлар учун мўлжалланган яна 7 та 850 ўринли “провизор” клиникалар ташкил қилинди;
  • “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида беморларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатувчи 500 ўринли - Тақсимловчи марказ ташкил қилинмоқда;
  • Тошкент вилоятида коронавирус касаллиги гумонланган шахсларни даволаш ва назоратини олиб бориш учун 905 шифо ўрин, диагнози тасдиқланганлар учун 210 ўрин стационар шифохоналар фаолият кўрсатмоқда ва қўшимча 350 захира ўрин тайёрлаб қўйилди;
  • Тошкент шаҳри тез тиббий ёрдам станциясида бир сменада ишлайдиган операторлар сони 40 тадан 100 нафарга етказилди. Станцияга қўшимча электр тармоғи уланди, бригадалар сони 250 тагача кўпайтирилди. Тез ёрдам хизматига уланиш вақти 1,5 дақиқадан 15 сониягача қисқартирилди;
  • Хусусий клиникаларга ҳам коронавирусга чалинганларга тиббий ёрдам кўрсатишга рухсат берилди ва ҳозирда уларнинг рўйхати тузилмоқда.

Ундан ташқари, Тошкент шаҳри шифохоналари қўшимча 285 та ўпка сунъий вентиляцияси аппарати, 155 дона ўпкани ёрдамчи нафас олдириш ускунаси, 140 дона кислород концентратори, 200 та функционал ётоқлари билан таъминланди.

Шунингдек, Тошкент вилояти тез тиббий ёрдам хизмати учун жами 100 та “Дамас” амбуланс машинаси ажратилди, шулардан 25 таси жойларга тарқатилди. 

Ва, коронавирус билан касалланган беморларни даволаш жараёни учун 49 хил турдаги дори воситалари захираси учун дастлабки 10 миллиард сўм пул ажратилиши режалаштирилди.