Ўзбекистонда юқори лавозимли шахслар COVID-19 билан касаллангани маълум қилинди

Ўзбекистонда икки юқори лавозимли амалдор коронавирус юқтириб олгани ва даволанаётгани расман тасдиқланди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 19 июл — Sputnik. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов ва Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов коронавирус билан касалланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, Муса Ерниязов Нукусда ва Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Тошкент шаҳрида даволанмоқда.

Тўққиз ҳудудда 243 та янги коронавирус ҳолати аниқланди

Бугунги кунда уларнинг аҳволи қониқарли деб топилган. Таъкидланишича, даволаш тактикаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган стандартлар асосида олиб борилмоқда.

Куни кеча соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов бошчилигидаги бир гуруҳ соҳа вакиллари Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрган. У ердаги мавжуд ҳолат ўрганилиб, олиб борилаётган профилактика, эпидемиология тадбирларининг сифати танқидий кўриб чиқилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда тасдиқланган коронавирус ҳолати 16429 тага етган. Беморларнинг 9127 нафари тузалиб кетган. 84 кишини вирус бевақт ҳаётдан олиб кетган.