Жиззахда қарзини қайтармаслик учун тарбиячини ўлдирган шахс аниқланди

Жиззахда мактабгача таълим ташкилоти спорт тўгараги тарбиячиси ундан қарз олган таниши томонидан ўлдириб кетилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 19 июл — Sputnik. Жиззахда қарзини қайтармаслик мақсадида танишини ўлдириб, жасадини кўмиб юборган шахс аниқланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Маълум қилинишича, 12 июль куни Жиззах шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига фуқаро М.Ш. мурожаат қилиб, 1964 йил туғилган акаси М.Б. йўқолиб қолганлигини билдирган.

Самарқандда ёш эркак ўлдирилди ва жасади "Зарафшон"га оқизилди

Фуқаро М.Б. мактабгача таълим ташкилоти спорт тўгараги тарбиячиси бўлиб ишлаб келган. У жорий йилнинг 8 июль куни соат 02:00 лар атрофида маҳалласи ҳудудида спорт билан шуғулланиш учун югуришга чиқиб изсиз йўқолган.

Мазкур ҳолат юзасидан тезкор қидирув ва суриштирув ишлари олиб борилган. Натижада Шароф Рашидов тумани, Сарайлик маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 1987 йил туғилган Т.А.нинг фуқаро М.Б.ни бош ва энса соҳасига қаттиқ тўмтоқ жисм билан уриб, Обод маҳалла фуқаролар йиғини маъмурий биноси рўпарасидаги чуқурга кўмиб юборгани аниқланди.

Маълум бўлишича, фуқаро Т.А.нинг марҳум М.Б. дан пул қарзи бўлган. Фуқаро қарздорликни қайтармаслик учун мазкур қотилликка қўл урган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши очилган.