ТОШКЕНТ, 19 июл — Sputnik. “Толибон”* ҳаракатининг расмий вакили Суҳайл Шаҳин Россия билан “тил бириктирганлик” тўғрисидаги хабарларни асоссиз деб атади. У бу ҳақда RT телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
“Бу “рус мукофотлари” — ёлғон. Биз кимнингдир пули учун жанг қилмаяпмиз. Одамларимизнинг жанг ва ўзларини қурбон қилаётган мафкуралари бор", — деди Шаҳин. Унинг сўзларидан РИА Новости иқтибос келтирган.
“Толибон”* ҳаракати расмий вакилининг фикрича, Америка ОАВда чоп этилган бундай мақолалар АҚШнинг ички сиёсати ҳамда Вашингтондаги айрим кучларнинг АҚШ ва “Толибон”* ўртасида Доҳада имзоланган тинчлик келишувни йўққа чиқариш истаги билан боғлиқ.
26 июнь куни New York Times журналистлари мақола чоп қилишди. Унда таъкидланишича, гўёки Россия “Толибон”* террорчилик гуруҳи аъзоларига Афғонистондаги Америка аскарларининг боши учун мукофот таклиф қилган.
Россия ТИВ америка ҳарбийлари буюртма қотиллигида рус ҳарбий разведкасининг алоқадорлиги тўғрисидаги ушбу хабарларни ёлғон деб атади.
Ўз навбатида, АҚШ президенти Дональд Трамп New York Timesдаги мақолага шарҳ берар экан, уни "навбатдаги буюртма" деб атади, ва на ўзига, на вице-президентга, на Оқ уй маъмуриятига шу пайтгача ҳеч ким руслар Афғонистондаги АҚШ қўшинларига ҳужум уюштирганлари ҳақида маълумот етказмаганлигини таъкидлади.
* Россия ва қатор давлатларда тақиқланган террорчилик ташкилот