Коронавирус Марказий Осиёда: вазият ҳамон жиддийлигича қолмоқда

Қирғизистон COVID-19 қурбонлари сони бўйича пешқадамлик қилмоқда, Тожикистон 17 августдан таълим даргоҳларини очмоқчи, БССТнинг Туркманистонга ташрифи якунлари - ҳафта давомида содир бўлган муҳим воқеалар – Sputnik шарҳида.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 19 июл — Sputnik. Сўнгги маълумотларга кўра, Марказий Осиё давлатларида жами 118 650 та коронавирусни юқтирганлик ҳолати қайд этилган.

Қозоғистон

Қозоғистон аниқланган ҳолат ва ўлим кўрсаткичлари бўйича ҳамон етакчилик қилмоқда. У ҳатто МДҲ давлатлари орасида карантин жорий этишни истамаган Беларусни ортда қолдирди ва иккинчи ўринга кўтарилди. Кунига 1600 мингдан зиёд янги касалланиш ҳолатлари аниқланмоқда.

Ўтган кун давомида Қозоғистонда 1636 та янги ҳолат тасдиқланди. Касалланганларнинг умумий сони 70 339 нафарга етган (касаллик аломатларсиз кечаётган беморлар шулар жумласидандир). Соғайганлар сони 43 029 нафарни ташкил қилмоқда. 14 июль ҳолатига кўра жами 396 та ўлим ҳолати кузатилган (Мамлакат ўлим борасида берилаётган сиёсатни ўзгартирди, эндиликда коронавирус қурбонлари ҳақида ҳафтада бир маротаба маълумот тақдим этилади).

Қозоғистонда пандемия қурбонлари хотирасига бир дақиқа сукут сақланди – видео

Қозоғистон президенти Қосим Жомарт-Тоқаев куни кеча йиғилиш ўтказиб, ҳукумат ва акимлар иш фаолиятини танқид остига олди. Давлат раҳбари дори-дармон етишмаслиги ва дорихоналардаги навбатлар борасида алоҳида тўхталиб ўтди. Шунингдек, унга нархларнинг сунъий кўтарилгани ҳам маълум эканини таъкидлади.

Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой мамлакатда коронавирус ва пневмонияга оид статистика 1 августдан бирлаштирилишини маълум қилди.

Мамлакатда 1 январдан 15 июлгача 234 187 та пневмония билан касалланиш ҳолатлари аниқланган. Ушбу касалликдан 3327 киши вафот этган. 

Агар коронавирус ва пневмония статистикаси бирлаштирилса, мамлакат коронавирус аниқланган давлатлар ичида етакчи ўринга кўтарилиши мумкин.

Қирғизистон

Қирғизистон коронавирус ва пневмония статистикасини бирлаштиришга қарор қилди. Шу боис коронавирус билан касалланганлар сони бу мамлакатда кескин ошиб кетди. Қирғизистон эндиликда минтақада ўлим бўйича биринчи, аниқланган ҳолатлар бўйича иккинчи ўринга кўтарилди.

Ўтган суткада U07.1 (лабораторияда тасдиқланган COVID-19) ва U07.2 (клиник-эпидемиологик тасдиқланган COVID-19 - касалхонадан ташқари пневмония) кодлари билан 1264 та янги ҳолат аниқланган. Шу тариқа, коронавирус юқтириб олганларнинг умумий сони 25 048 нафарни ташкил этмоқда. 4495 киши тузалган. 853 нафари вирус қурбонига айланган.

Қирғизистонга турли мамлакатлар ёрдам қўлини чўзмоқда. Россия ҳам 51 кишидан иборат шифокорлар гуруҳи ва шахсий ҳимоя воситалари ва дори-дармонлар билан ёрдам беради. Россиялик мутахассислар ташрифи 22 июль куни амалга ошиши кутилмоқда.

Ўзбекистон

18 июль куни мамлакатда 579 та коронавирус билан касалланиш ҳолати қайд этилди. Шундан 138 таси карантин муассасаларида, 441 таси коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлгани сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган. Бу кетма-кет 500 тадан ортиқ ҳолатнинг қайд этилиши (17 июль куни 541 та ҳолат).

2020 йил 19 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, мамлакатда 16 429 кишида коронавирус инфекцияси аниқланди.

Маданият вазирлигининг 32 ёшли ходими COVID-19дан вафот этди

Шу пайтга қадар 9127 нафар коронавирус билан касалланганлар (56 фоиз) тузалиб кетган. Вирус жами 84 кишини бевақт ҳаётдан олиб кетди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳафта давомида икки марта видеоселектор йиғилишида коронавирус билан боғлиқ вазиятга алоҳида тўхталиб ўтди.

Президент коронавирус тарқалишининг олдини олиш ва даволаш бўйича Тошкент шаҳридаги ишларнинг талаб даражасида ташкил этилмагани, эпидемиологик вазиятнинг салбий ўзгаришларига тайёр бўлишни таъминламагани, бу касаллик билан “пастга тушиб” мукаммал шуғулланмагани учун соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга ҳайфсан эълон қилди.

Тошкент шаҳрида касалликни аниқлайдиган тестлар ва зарур тиббиёт воситалари етишмаётгани, дорихоналарда вирус ва иситмага қарши препаратлар нархи асоссиз, бир неча баробар ошириб юборилгани танқид қилинди. Тошкент шаҳар ҳокимлигига камида 3 ойлик дори-дармон ва ҳимоя воситалари захирасини шакллантириш вазифаси юклатилди.

Мирзиёев ССВ раҳбари ва Тошкент шаҳар ҳокимига ҳайфсан эълон қилди

"Биз пандемияни қачон енгамиз? Қачонки, ҳар бир одам ўзидаги бепарволикни енгса, ўзи, оиласи ва фарзандлари, бутун халқимиз ҳаётига масъулият билан қарайдиган бўлса. Биз шунга қодирмизми? Албатта, қодирмиз. Ишончим комил, бугунги вазиятнинг ўзи тақозо этаётган мана шундай ҳиссиёт ва қарашлар ҳар бир юртдошимизнинг қалби ва онгига чуқур кириб боради. Ва биз бу синовдан, албатта, муносиб ўтамиз", – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистондаги барча хусусий клиникаларга короновирусга тест олиш ва даволашга рухсат берилди. Коронавирусдан уйида даволанаётган беморлар бепул дори-дармон билан таъминланиши белгиланди.

Эндиликда коронавирус аломатлари сезилган беморлар тест таҳлили натижаларисиз ҳам тиббиёт муассасаларига жойлаштирилиши мумкин.

Ўзбекистон фармацевтика маҳсулотларини экспорт қилиш, шунингдек жисмоний шахслар томонидан уларни олиб чиқишни вақтинча тақиқлади.

Тожикистон

Сўнгги маълумотларга кўра, аниқланаётган кунлик ҳолатлар 43-52 тани ташкил этади. Ўтган кун давомида 48 кишида коронавирус аниқланган бўлса, 46 киши дарддан фориғ бўлган.

Коронавирус билан касалланганларнинг умумий сони 6834 нафарга етган. Шулардан 5529 нафари (80,9 фоизи) тузалиб кетишга муваффақ бўлган. Бу минтақадаги энг юқори кўрсатгич. Пандемия бошланганидан буён 57 киши қурбон бўлган.

Тожикистонда 17 августдан таълим муассаслари очилиши кутилмоқда. Расмийлар ушбу қарор коронавирусга қарши курашиш республика штаби билан маслаҳатлашилган ҳолда қабул қилинганини таъкидлаган. Дастлабки икки ҳафтада ўтган йилда қолиб кетган дарслар такрорланади. Агарда мамлакатда эпидемиологик вазият мураккаблашса, мактаблар онлайн режимга ўтказилиши мумкин.

Туркманистонда коронавирус борми? ЖССТ миссиясининг сафари якунланди

Туркманистон

Туркманистон минтақада ҳозирга қадар коронавирус расман қайд этилмаган ва минтақадаги инфекциядан холи мамлакат бўлиб турибди. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (БССТ) миссияси раҳбари Катарина Смолвуд миссиянинг мамлакат бўйлаб 10 кунлик сафари якунига бағишланган брифингда Туркманистонда коронавирус билан касалланиш ҳолати аниқлангани ҳақида маълум қилмади.

Шу кунларда Туркманистонда коронавирус йўқлиги ҳақидаги хабарларга қарамасдан мамлакатда ниқоб тақиб юриш мажбурий этиб белгиланди, бозорлар ва савдо марказлари вақтинча ёпилди. Шунингдек, масжидлар ҳам ёпилиб, поездлар қатнови вақтинча тўхтатилди.

Эслатиб ўтамиз, БССТ тақдим этган сўнгги маълумотларга кўра, дунё бўйлаб 14,4 миллиондан зиёд киши коронавирусни юқтириб олган. 8,6 миллиондан ортиқ киши шифо топган. Қурбонлар сони 600 мингдан ошган.