Бош прокурор ва пойтахт ҳокими “Ўзэкспомарказ”даги беморлар учун ўринларни кўздан кечирди

Ўзбекистон бош прокурори, Тошкент шаҳар прокурори ва пойтахт ҳокими Ўзэкспомарказ”да коронавирус беморларини жойлаштириш учун яратилган захира ўринларини кўздан кечиришди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 19 июл — Sputnik. Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев ва Тошкент шаҳар прокурори Баҳриддин Валиев пойтахтда COVID-19 билан касалланган беморларни қабул қила оладиган бир неча масканларни бориб ўрганди.

Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, улар Учтепа туманида жойлашган Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг ётоқхонасида беморларни даволаш учун ташкил этилган жойни ўрганишган. Даволаш жараёнида қулайликлар яратилиши борасида мутасаддиларга тегишли кўрсатма ва тавсиялар беришган.

Бош прокурор ва пойтахт ҳокими “Ўзэкспомарказ”даги беморлар учун ўринларни кўздан кечирди

Шунингдек, туман масъуллари билан бирга Чилонзор туманида жойлашган "CARDIO STAR PLUS" МЧЖда 50 нафар беморлар учун захира ўринлари, у ердаги шарт-шароитлар, даволаниш учун керакли дори воситалари ҳамда ускуналар билан жиҳозланганлигини ўргандилар.

Бош прокурор ва пойтахт ҳокими “Ўзэкспомарказ”даги беморлар учун ўринларни кўздан кечирди

Бундан ташқари, Тошкент шаҳар ҳокими ва мутасаддилар билан бирга Юнусободдаги “Ўзэкспомарказ” майдонларида коронавирус беморларини жойлаштириш учун яратилган захира ўринларини кўздан кечиришди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда аниқланган коронавирус ҳолати 16429 тага етган. Беморларнинг 9127 нафари тузалиб кетган. Ҳозирда 7218 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 21 нафари эса ўта оғир аҳволда.