Ўзбекистонда Россия маънавий маданияти кунлари ўтказилади

Бундан ташқари, томонлар ушбу тадбирлар 2021 йилда нишонланадиган Рус православ черковининг Тошкент ва Ўзбекистон епархиясининг 150 йиллиги арафасида ўтказилаётгани муҳимлигини қайд этдилар.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 18 июл - Sputnik. РФ маданият вазири ўринбосари Алла Манилова Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботиржон Асадов билан учрашув ўтказди. Мулоқот давомида томонлар Ўзбекистонда Россия маънавий маданияти кунларини ўтказишни муҳокама қилдилар, дейилади РФ Маданият вазирлиги сайтида эълон қилинган хабарда.

Ўзбекистон ва Россия иқтисодий ҳамкорликни такомиллаштириш масалаларини кўриб чиқди

Томонлар шунингдек, жорий йилда ўтказиладиган қўшма тадбирларни, мамлакатлар ўртасидаги маданий ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилганлар.

Манилова Ўзбекистоннинг маданий мероси Россияда ва бутун дунёда юқори баҳоланишини таъкидлаган.

"Россия маданият вазирлиги раҳбари ўринбосари ўзбекистонлик ҳамкасблари билан жорий йил Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Россия маънавий маданияти кунлари доирасида амалга ошириладиган қатор тадбирлар режалари билан ўртоқлашди", - дейилади хабарда.

Ўзбекистон ва МДҲ учун Россия таълими: филиал, квота ва стипендия

Лойиҳадан ёш артистлар ва халқаро мусобақалар ғолиблари ижросида ўтказиладиган мумтоз мусиқа концертлари, рус маданияти ва маънавиятининг энг ёрқин ва бой мероси намуналарини акс эттирадиган кўргазмалар, Россия ва Ўзбекистоннинг маданий ва маънавий бирлигига бағишланган иккиёқлама анжуман, давра суҳбати, фотокўргазма ва хор жамоалари чиқишлари ўрин олган.

Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, Россия маънавий маданияти кунлари тадбирларида иштирок этиш учун Тошкентга икки мамлакатнинг маданий алоқаларини ўрганишга жалб қилинган етакчи маданият, илм-фан арбоблари, жамғармалар ва ташкилотлар директорларидан иборат Россия делегациясини юбориш режалаштирилган.

Бундан ташқари, тадбирларда маданият вазирлари ва Россия регионларидаги муассасалар раҳбарлари иштирок этиши режалаштирилган.

Москвада ВДНХдаги Ўзбекистон павильони шу йил очилиши мумкин

Томонлар ушбу тадбирлар 2021 йилда нишонланадиган Рус православ черковининг Тошкент ва Ўзбекистон епархиясининг 150 йиллиги арафасида ўтказилаётгани муҳимлигини қайд этдилар.

Манилова элчига Россия Маданият вазирлиги Ўзбекистон маданият кунларини қабул қилишга тайёрлигини айтиб ўтган. Эпидемиологик вазият барқарорлашуви тенденцияси давом этса, Россияда Ўзбекистон маданияти кунлари 2020 йилнинг кузида РФнинг икки шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган.

Учрашув якунида иштирокчилар Маданият бўйича идоралараро кичик комиссиянинг навбатдаги мажлиси доирасида барча мавжуд лойиҳаларни муҳокама қилиш ва келгусидаги маданий ҳамкорлик режаларини белгилашга келишиб олдилар.

Ботиржон Асадов Алла Маниловага ушбу сермаҳсул учрашув учун миннатдорлик билдириб, мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик юқори даражада эканлигини таъкидлаган ва Россия Маданият вазирлигига Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга навбатдаги ташрифи доирасида Ўзбекистон томони ВДНХдаги "Ўзбекистон" павильонида ўтказишни режалаштираётган кенг кўламли кўргазма лойиҳасини амалга оширишда кўмак беришни сўраб мурожаат қилган.