Корона-стратегия: Тошкент ҳокими президент танқидига қандай жавоб қайтарди?

Президент Шавкат Мирзиёев 15 июль куни ўтказган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон пойтахтида коронавирусга қарши курашиш чораларидан кескин норози бўлиб, шаҳар ҳокими Жаҳонгир Артикходжаевга ҳайфсан эълон қилган эди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 18 июл - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев пойтахтда коронавирусга қарши олиб борилган чора-тадбирлардан кескин норозилигини билдиргач, бугун, 18 июл шанба куни пойтаҳт ҳокимлиги матбуот-хизмати раҳбари Фурқат Маҳмудхўжаев Тошкент шаҳрида шу қисқа вақт ичида амалга оширилган ишлар юзасидан баёнот берди.

Мирзиёев ССВ раҳбари ва Тошкент шаҳар ҳокимига ҳайфсан эълон қилди

Матбуот-хизмати раҳбарининг маълум қилишича, бунда Соғлиқни сақлаш тизимининг бўғинлари бирма-бир ўрганилган. Биринчи навбатда бўғинлардаги турли заиф нуқталар белгилаб олинган ва уларни бартараф этиш бўйича амалий чоралар кўрила бошланган.

Биринчидан: фуқароларни безовта қилаётган ҳар бир ҳолат юзасидан тиббиёт муассасаларининг қисқа рақамлари: "103" орқали тез ёрдамга мурожаат қилишларида бандлик ҳолатлари бўлмаслиги чоралари кўрилган.

Қўнғироқлар интенсивлиги ўрганилганида, "103" рақамига соат 18.00дан 24.00га қадар кўп мурожаатлар бўлиши аниқланган. Шу муносабат билан иш режими қайта кўриб чиқилиб, шу вақт оралиғида энг тажрибали операторлар ишлашлари учун танлаб олиш ишлари амалга оширилган. Шу тариқа қўнғироқ қилиш ва уланиш вақтларини қисқартиришга эришилган.

Бундан ташқари, яхши ишлаган ва ўз вазифасига сидқидилдан ёндашаётган операторларни рағбатлантириш тизими ҳам йўлга қўйилган. (ҳар бир қабул қилинган ва сифатли қайта ишланган қўнғироқ учун 1500 сўм, яна 500 сўм - аъло муомала учун).

"Тез ёрдам" бригадаси 15 дақиқадан кўп бўлмаган вақтда етиб бориши чоралари кўрилган.

Ваҳимага ўрин йўқ, муҳими бизда коллектив иммунитет пайдо бўлмоқда - эпидемиолог

"Яхши ишлаган бригадалар учун ҳам рағбатлантириш тизими қўлланилиши назарда тутилмоқда", - деди Маҳмудхўжаев.

Шу кунни ичида 25та "Дамас" русумли автомобиллар жойларга етқазиб берилган.

Иккинчидан: Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бошқармаси тасарруфидаги тиббиёт муассасаларида жами 423та бўш иш ўринлари малакали мутахассис билан зудлик билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Учинчидан: Тошкент шаҳридаги 42та касалхоналарда шахсий ҳимоя воситалари бўйича эҳтиёжлар ўрганилган. Унга кўра, 70 минг дона тиббий ниқоблар, 70 мингта тиббий комбинезонлар, 150 мингта тиббий қўлқоплар, 3 мингта тиббий кўзойнаклар, 5 мингта тиббий бош кийим, 200 минг бахила уларнинг 1 ҳафталик эҳтиёжи учун олдиндан етказиб берилган.

Бундан ташқари, тиббиёт анжомларидан 40та ИВЛ, 120та болалар ва 80та катталар учун сипап аппаратлари касалхоналарга тарқатилган.

Коронавирусдан ҳимояланганлар: вакцинани синаб кўрган кўнгиллилар уйларига кузатилди

Тўртинчидан: туманлар санэпид осойишталиги марказларига 2тадан (жами 22та), шаҳар марказига 1та, руҳий касалликлар шифохоналарига 2та, жами 25та "Дамас" русумли автомобиллар етқазиб берилган.

Юқоридаги ҳаражатлар учун пойтахт бюджетидан жами 22,2 млрд сўм маблағ ажратилган.

Бешинчидан: уч ойлик энг зарур дори-дармон воситалари захирасини шакллантириш учун талаб этиладиган 30 миллиард сўмдан дастлабки 15 миллиард сўми "Дори-дармон" ташкилоти ҳисоб рақамига ўтказилган.

Олтинчидан: Тошкент шаҳрида жойлашган тиббиёт олий таълим муассасалари ва марказлари раҳбарлари билан суҳбат ўтказилиб, уларда фаолият юритаётган 284 нафар ходимларни уй шароитида даволанаётган беморларни ҳолатидан хабар олишга жалб этиш бўйича келишилган.

Карантин даврида ёрдамга муҳтож оилалар озиқ-овқат билан таъминланади - Ҳукумат қарори

Еттинчидан: шаҳардаги дори-воситаларини ишлаб-чиқарувчилари ва етказиб берувчилари билан учрашиб, уларнинг лицензиялаш, божхона, кредит ва бошқа муаммолари ҳал этилмоқда.

Саккизинчидан: эҳтиёжманд оилалардан 1197 қисқа рақамига келиб тушган мурожаатлар бўйича бугунга қадар 5802та оилага маҳсулот етказиб берилган.

Тўққизинчидан: Тошкент шаҳар ҳокими 16 июль куни коронавирус билан касалланганлар даволанаётган Шайҳонтоҳур туманидаги Ибн-Сино номидаги 1-сон шаҳар касалхонасига бориб, ҳолат билан танишганидан сўнг, беморларни овқатлантириш тизимини қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар киритилган. Бундан буёғига, Тошкентдаги коронавирусга қарши даволанаётган фуқароларнинг хонадонларидан касалхоналарга овқат олиб келишни чеклаш, овқат сифатини ошириш мақсадида ҳар бир касалхонада Юқоричирчиқдаги карантин зонасида амалга оширилаётган тизимни йўлга қўйишга масалалари кўриб чиқилмоқда.

Тошкент шаҳри бўйича жами касалхоналарда 2358та койка-захираси шакллантирилган.