Мирзиёев коронавирус пандемияси ҳақида: вазият ҳамон жиддийлигича қолмоқда

Бу курашда давлат ва хусусий тиббиёт тизими, барча идораларнинг доимо сафарбар ҳолатда бўлиши ва самарали ишлаши, шифокорларнинг фидойилиги, халқимизнинг онглилиги бизнинг асосий қуролимиз бўлиши шарт, – деди Ўзбекистон президенти
Sputnik

ТОШКЕНТ, 18 июл - Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев навбатдаги видеоселектор йиғилиши давомида коронавирус билан боғлиқ вазиятга алоҳида тўхталиб, вазият ҳамон жиддийлигича қолаётганини, шу боис ҳеч қайси ҳудуд раҳбари "бизда аҳвол яхши", деб, хотиржамликка берилишга ҳаққи йўқлигини қатъий таъкидлади.

17 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистонда COVID-19 билан касалланганлар сони 15,6 мингдан ошган, шундан 9 мингдан ортиқ киши соғайган. Вирус туфайли қарийб 80 нафар фуқаро вафот этган.

"Вазият ҳамон жиддийлигича қолмоқда. Шунинг учун ҳеч қайси ҳудуд раҳбари бизда аҳвол яхши, деб, хотиржамликка берилишга ҳаққи йўқ. Ҳамма жойда камчиликлар бор. Энг асосий вазифа – уларни вақтида аниқлаб, холис баҳо бериб, тезда тугатиш чорасини кўришдан иборат. Бир ҳақиқатни унутмаслигимиз зарур: касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади, деган гап айнан мана шу коронавирус ҳақида айтилган. Агар биз бу хатарга бепарво, беғам бўлсак, минглаб одамларнинг соғлиғи ва тақдирини хавф остига қўямиз, вазиятимиз янаям оғирлашади. Энг қўрқинчлиси, ўлим сони кескин кўпаяди", - деб қайд этган Мирзиёев.

Ваҳимага ўрин йўқ, муҳими бизда коллектив иммунитет пайдо бўлмоқда - эпидемиолог

Давлат раҳбари пандемияга қарши кураш стратегияси ҳақида гапирар экан, энг кучли, энг таъсирчан воситаларни ишга солиш зарурлигини таъкидлади.

"Бу курашда давлат ва хусусий тиббиёт тизими, барча идораларнинг доимо сафарбар ҳолатда бўлиши ва самарали ишлаши, шифокорларнинг фидойилиги, халқимизнинг онглилиги бизнинг асосий қуролимиз бўлиши шарт. Фақат тезкор ва мунтазам сафарбарлик, темир интизом, тиббий маданият, юксак онглилик билангина биз бу офатга қарши кураша оламиз", - деди Мирзиёев.

Бу борада энг катта масъулият ҳокимлар ва секторлар раҳбарлари зиммасида экани яна бир бор эслатиб ўтилди.

Бунинг учун уларда ўз ҳудудларидаги мавжуд вазият ҳақида тўлиқ ва ҳаққоний маълумотлар бўлиши, улар ҳар куни, ҳар соатда янгиланиб бориши кераклиги таъкидланди.

Мирзиёев ССВ раҳбари ва Тошкент шаҳар ҳокимига ҳайфсан эълон қилди

Президент видеоселектор йиғилишида яна бир бор халққа мурожаат қилди.

"Ҳар биримиз ўзимиз, оиламиз, фарзандларимизнинг соғлиғи ва тақдири учун аввало ўзимиз масъул эканимизни чуқур англашимиз лозим. Шу муносабат билан халқ вакиллари бўлган депутатларимиздан, ижодкор зиёлиларимиз, ҳурматли журналистларимиз, маҳалла фаолларидан илтимос қиламан: пандемия даврида ҳар бир одамнинг шахсий масъулияти ҳақидаги тарғибот ишларини янада кучайтиришимиз керак. Биз пандемияни қачон енгамиз? Қачонки, ҳар бир одам ўзидаги бепарволикни енгса, ўзи, оиласи ва фарзандлари, бутун халқимиз ҳаётига масъулият билан қарайдиган бўлса. Биз шунга қодирмизми? Албатта, қодирмиз. Ишончим комил, бугунги вазиятнинг ўзи тақозо этаётган мана шундай ҳиссиёт ва қарашлар ҳар бир юртдошимизнинг қалби ва онгига чуқур кириб боради. Ва биз бу синовдан, албатта, муносиб ўтамиз, – дея таъкидлади Президент Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, 15 июль куни Тошкент шаҳри ва пойтахт вилоятида пандемияга қарши кураш борасидаги ишлар қаттиқ танқид қилиниб, аниқ вазифалар белгиланган эди. Президент матбуот-хизматининг хабар беришича, кўрилган тезкор чора-тадбирлар бўйича Тошкент шаҳри ҳокими, Бош прокурор ва бошқа мутасадди раҳбарлар ҳисобот берган.