Феврал ойида "Толибон" радикал ҳаракати ва АҚШ ўртасида тузилган келишув доирасида АҚШ қўшинлари Афғонистондаги бешта базани тарк этди, қўшинлар сони камайди, дея маълум қилди АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзад.
"Москва эътиборини АҚШ Мудофаа вазирлиги расмий вакилининг Афғонистондаги Америка қўшинлари сонини Вашингтон ва (Россияда тақиқланган) "Толибон" ҳаракати ўртасида тинчликка эришиш тўғрисидаги келишувда назарда тутилган даражагача қисқартириш, шунингдек, бешта базани афғон миллий хавфсизлик кучларига топшириш тўғрисидаги баёнотига қаратди", - деди Мария Захарова ҳар ҳафталик брифингда.
Унинг таъкидлашича, Москва Америка томонининг Доха битими бўйича мажбуриятларни бажаришини олқишлайди.
"Биз АҚШ, толибларни ва расмий Кобулни Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш жараёни доирасида қолган келишувларни амалга оширишга чақирамиз", - дея қўшимча қилди Захарова.
Унинг сўзларига кўра, бу биринчи навбатда маҳбусларни алмашиш ва тўғридан-тўғри афғонлараро музокараларни бошлаш билан боғлиқ.
"Ишонамизки, Афғонистондан хорижий қўшинларнинг тўлиқ чиқарилиши ва халқаро ҳамкорлар ёрдамида тўғридан-тўғри афғонлараро музокаралар олиб борилиши кўп йиллик қонли урушга чек қўяди ва Афғонистонда узоқ муддатли тинчлик ўрнатилишига ҳисса қўшади", - дея хулоса қилди Россия ТИВ вакили.