Марказий банк сўм йил бошидан неча фоизга қадрсизланганини очиқлади

Ўзбекистон Марказий банки маълумотларига қараганда, бошидан миллий валюта курси 7,2 фоизга қадрсизланган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 16 июл — Sputnik. Январь-июнь ойларида ички валюта бозоридаги ҳолат хорижий валютага бўлган талаб ҳажмининг ўсиши ҳамда таклиф ҳажмининг нисбатан камайиши шароитида шаклланди. Бу ҳақда Марказий банк хабар қилди.

Хусусан, ҳисобот йили бошидан миллий валюта курси 7,2 фоизга, июнь ойида эса 0,4 фоизга қадрсизланди.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг I ярим йиллигида ички валюта бозоридаги операцияларнинг умумий ҳажми 8,2 млрд АҚШ долларини ташкил этган. 2018 ва 2019 йилларнинг тегишли даврларига нисбатан мос равишда 1,8 ва 1,2 бараварга ўсган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ аҳолининг хорижий валюта сотиб олиши 3 бараварга ошгани хабар қилинган эди.