Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида дипломларни ўзаро тан олиш тўғрисидаги битим кучга кирди

Битим у кучга киргунга қадар берилган таълим ҳужжатларига тадбиқ этилмайди (Ўзбекистон ССР ёки Беларус ССРда берилган ҳужжатлардан ташқари), шунингдек, икки мамлакатда касбий фаолиятни амалга ошириш мақсадида тан олиш жараёнини бекор қилмайди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 15 июл - Sputnik. Ўзбекистон Ҳукумати билан Беларус Ҳукумати ўртасида таълимга оид ҳужжатларни, ўқишга оид ҳужжатларни ўзаро тан олиш тўғрисидаги Битим 2020-йил 13-июлдан эътиборан кучга кирди, деб хабар бермоқда ТИВ матбуот-хизмати.

Сенат вакили Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси тавсиясига эътироз билдирди

Мазкур халқаро шартнома Ўзбекистон Республикаси Президентининг Беларус Республикасига ташрифи давомида 2019-йил 1-августда имзоланган.

Битимга мувофиқ томонлардан бирининг давлат таълим муассасалари ёки илмий ташкилотлари тарафидан берилган давлат намунасидаги таълим тўғрисида ҳужжатлар бошқа томон ҳудудида тан олинади ва кейинги даражалардаги тегишли дастурлар бўйича ўқишни давом эттиришга имкон беради.

Ушбу халқаро шартнома икки мамлакат таълим муассасаларида таҳсилни давом эттириш истагидаги Ўзбекистон ва Беларус фуқаролари учун илм олиш йўлидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва қулай шарт-шароитлар яратишга кўмаклашади.

Бунда Битим у кучга киргунга қадар берилган таълим ҳужжатларига тадбиқ этилмайди (Ўзбекистон ССР ёки Беларус ССРда берилган ҳужжатлардан ташқари), шунингдек, икки мамлакатда касбий фаолиятни амалга ошириш мақсадида тан олиш жараёнини бекор қилмайди.

Юқорида кўрсатилган Битимни амалга ошириш бўйича ваколатли органлар Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Беларус Республикаси Таълим вазирлиги ҳисобланади.