Новосибирск олимлари вирусни тўхтатувчи антитаначаларни аниқлашди

Олимлар томонидан олинган антитаначалар вирус ва АCЕ2 мембрана оқсилининг бирлашишига тўсқинлик қилишга қодир ва мос равишда унинг инсон ҳужайраларига кириб боришини олдини олади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 15 июл - Sputnik. Россия Фанлар академияси Сибир бўлими (РФА СБ) Молекуляр ва ҳужайрали биология институти олимлари (ИМКБ) Россияда биринчи бўлиб SARS-CoV-2 коронавирусини зарарсизлантирувчи антитаначаларни етиштиришга муваффақ бўлишди. Бу ҳақда РИА Новости-га РФА СБ раисининг истиқболли лойиҳалар бўйича маслаҳатчиси Ольга Дорохова маълум қилди.

“Бунинг учун биз COVID-19 билан касалланиб даволаниб чиққан донорларнинг қон намуналаридан ва В-лимфоцитларни саралашнинг ноёб технологиясидан фойдаландик”, - деди агентлик суҳбатдоши.

Унинг сўзларига кўра, олинган антитаначалар вирус ва АCЕ2 мембрана оқсилининг бирлашишига тўсқинлик қилишга қодир ва мос равишда унинг инсон ҳужайраларига кириб боришини олдини олади. Ушбу йўналишдаги кейинги тадқиқотлар махсус терапия ва коронавирус касаллигининг олдини олиш учун дориларни яратишга ёрдам беради.

“Бундан ташқари, олинган материаллар коронавирус инфекцияси билан касалланишда ҳимоя иммунитети хусусиятларини ўрганишга имкон беради ва вакциналарни такомиллаштиришда талабгир бўлади”, - дея қўшимча қилди Дорохова.

РФА СБ ИМКБнинг Биология фанлари доктори Александр Таранин бошчилигидаги иммуногенетика лабораторияси, касалликларнинг молекуляр диагностикаси ва терапиясини яратиш, одам оқсилларини функционал таҳлил қилиш, шунингдек иммунитет тизимининг молекуляр эволюциясини тиклаш билан шуғулланади.