Давлат хизматчиларининг даромадини декларация қилиш мавзусида конференция ўтказилади

Конференцияда бу борада яратилиши лозим бўлган қонуннинг концептуал ғоялари, хорижий давлатлар ёндашуви, ижобий ва муваффақиятсиз тажрибалари кўриб чиқилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 13 июл — Sputnik. 15 июль куни “Давлат хизматчилари активларини декларациялашнинг замонавий механизмлари” мавзусидаги веб-конференция ўтказилади.

Онлайн ўтказиладиган конференцияда яратилиши лозим бўлган қонуннинг концептуал ғоялари, хорижий давлатлар ёндашуви, ижобий ва муваффақиятсиз тажрибалар, декларация қилиш тизимини жорий этиш концепцияси ва босқичлари ва бошқа масалалар кўриб чиқилади.

Интернетда катта резонанс уйғонган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди

Президент фармонига мувофиқ Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг асосий вазифаларидан бири этиб давлат хизматчиларининг даромад ва мол-мулкини декларация қилиш тизими жорий этилиши ва самарали фаолият кўрсатишини ҳамда декларацияларнинг ҳаққонийлиги текширилишини ташкил этиш, шунингдек ушбу жараёнда аниқланган коррупция ҳолатларига ўз вақтида таъсир чоралари кўрилишини таъминлаш белгиланди.

Агентлик Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда, халқаро экспертларни жалб этган ҳолда уч ой муддатда “Давлат хизматчиларининг даромадлари, мол-мулки ва манфаатлар тўқнашувини декларация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқилиши белгиланган.