Ўзбекистон ва Туркия ўртасида инвестицияларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим кучга кирди

Ушбу ҳужжат қоидаларига мувофиқ, икки мамлакат инвесторлари томонидан амалга оширилган инвестицияларга нисбатан энг кўп қулайлик яратиш тартиби қўлланилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 12 июл — Sputnik. Ўзбекистон ва Туркия ўртасида инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим 2020 йил 9 июлдан эътиборан кучга кирди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Ўзбекистон – Туркия муносабатлари

Ҳужжат 2017 йил 25-октабрда, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга ташрифи давомида имзоланган.

Ушбу ҳужжат қоидаларига мувофиқ, икки мамлакат инвесторлари томонидан амалга оширилган инвестицияларга нисбатан энг кўп қулайлик яратиш тартиби қўлланилади.

“Битим инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоялаш, сармоя ва технологияларнинг кириб келишини қулайлаштириш, пул ўтказмаларининг эркин бажарилиши ҳуқуқий асосларини белгилаган”, - дейилган хабарда.

Ҳужжат 1992 йил 28 апрелда имзоланган аввалги ҳукуматлараро битимни алмаштиради ҳамда замонавий воқеликни инобатга олган ҳолда инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тартибини такомиллаштиришга қаратилган.

Таъкидланишича, битим икки давлат иқтисодиётига ўзаро инвестициялар оқими учун мустаҳкам асос яратади, шунингдек, салоҳиятли хорижий инвесторлар учун ҳар икки мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини оширади.