Карантин даврида ёрдамга муҳтож фуқаролар қаерга мурожаат қилиши мумкин?

Карантин шароитида ижтимоий кўмакка муҳтож фуқаролар 1197 қисқа рақами ёки Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг 203 01 21 телефон рақамига мурожаат қилишлари мумкин.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 12 июл — Sputnik. Карантин шароитида ижтимоий кўмакка муҳтож фуқаролар 1197 қисқа рақами ёки Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг 203 01 21 телефон рақамига мурожаат қилишлари мумкин. Бу ҳақда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов АОКАдаги брифингда маълум қилди.

Таъкидланишича, эҳтиёжманд оилаларга Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг қарорларига мувофиқ, “Маҳалла” фонди ва “Саховат ва кўмак” жамғармаларидан зарур маблағлар ҳам ажратилади.

Карантин даврида ёрдамга муҳтож оилалар озиқ-овқат билан таъминланади - Ҳукумат қарори

Жойлардаги маҳаллий ҳокимликлар, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардаги ҳомийлик, хайрияларни мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказлари билан биргаликда манзилли рўйхат асосида зарур озиқ-овқат ва дори-дармон маҳсулотларидан иборат моддий кўмак ёрдамларини шакллантиради.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан ҳозирча муҳтожлик даражаси ўта юқори бўлган 101 минг 980 нафар фуқаронинг ҳудудлар кесимидаги рўйхати шакллантирилди.

“Шу ўринда барча фуқароларни қизиқтирувчи яна бир маълумотни беришни истардим. Яъни, жойларда шакллантирилган рўйхатларда мавжуд бўлмаган, аммо зарур озиқ-овқат ва дори-дармонга муҳтож бўлган фуқаролар 1197 қисқа рақамли телефон тармоғига мурожаат қилишлари ҳамда ўз эҳтиёжларини баён этишлари мумкин. Ундан ташқари, вазирликда мавжуд 203 01 21 рақамига телефон қилиб мурожаат қилишлар мумкин. Мазкур телефон тармоғи орқали боғланган фуқароларимиз мурожаати ҳам алоҳида эътиборга олинади ҳамда уларга ҳам зарур ижтимоий ёрдам маҳсулотлари етказиб берилади”, – деди вазир.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 20 кунлик карантин даврида моддий жиҳатдан оғир аҳволга тушиб қолаётган энг муҳтож 120 мингга яқин оилаларни давлат томонидан озиқ-овқат, дори-дармон воситалари ва биринчи эҳтиёж маҳсулотларини етказиб бериш орқали қўллаб-қувватлаш режалаштирилмоқда. Бу ишларни амалга ошириш учун 20 млрд сўм ажратилган.