Комил Алламжонов COVID-19 билан беморланганини маълум қилди

Алламжонов коронавирус аломатларини сезган инсонларга зинҳор тушкунликка тушмасликни маслаҳат берган. Энг муҳими, ташхис тўғри қўйилмасдан турли дори воситаларини ичиш мумкин эмаслиги, бу организмга ўз салбий таъсирини кўрсатишини эслатиб ўтган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 11 июл - Sputnik. Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов янги турдаги коронавирус - COVID-19 билан беморланганини маълум қилди. Алламжонов бу ҳақда ўзининг телеграмм саҳифасида эълон қилган видеомурожаатида сўзлаган.

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 12,2 мингдан ошди

Унинг айтишича, бундан бир неча кунлар олдин унда ҳарорат кўтарилиши ва ҳолсизлик сезилган, баданида, мушакларида турли оғриқлар пайдо бўлган. Тест топшириб кўрганида, унда коронавирус инфекцияси борлиги аниқланган. Шундан сўнг у ўз уйида, яқинларидан изоляцияда бўлган ҳолда ушбу касалликни бошдан кечирган.

Алламжоновнинг айтишича, у ҳозирда соғайган ва оила-аъзолари билан мулоқотга киришган.

Комил Алламжонов ушбу касаллик белгиларини ўзида сезган инсонларга зудлик билан шифокорга мурожаат қилишни маслаҳат берган.

"Ўз ҳолингизча бирон бир муолажаларни қилишдан тийилинг, чунки коронавирусга (қарши) деб кўплаб дориларни тавсия қилишаяпти интернетда, коронавирусга (қарши) деб турли протоколларни эълон қилишаяпти, мен бу нарсаларни қилмасликка чақирган бўлардим. Чунки саломатлигингизга зиён етказиб қўйишингиз мумкин. Ўзингизни эҳтиёт қилинг, муҳими тушкунликка тушманг, чунки бу касалликнинг давоси бор", - дея якунлаган мурожаатини Алламжонов.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 11 июль ҳолатига кўра, 179 тага кўпайди ва 12206 нафарни ташкил этмоқда.