Уч минг етти юздан ортиқ фуқаро қозоқ-ўзбек чегарасини кесиб ўтди

Икки кун ичида “Жибек жоли” – “Ғишт-Кўприк” назорат-ўтказиш пунктидан 3746 нафар фуқаролар ўтказилди. Фуқароларнинг чегара пункти яқинида тўпланиб қолиши кузатилмаяпти.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 10 июл — Sputnik. 3700 дан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтди.

1 июлдан 7 июлгача бўлган муддатда “Жибек жоли” — “Ғишт-Кўприк” назорат-ўтказиш пункти орқали 2700 нафардан ортиқ фуқаро Ўзбекистонга қайтган. Бироқ юзага келган техник муаммолар туфайли Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасидан фуқароларни ўтказиш чекланган миқдорда амалга оширилди. Оқибатда бу ҳолат чегарада 3000 га яқин Ўзбекистон фуқаролари тўпланиб қолишига сабаб бўлди.

Қозоғистон чегара пунктида 3 мингга яқин Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари тўпланди

Республика махсус комиссияси, ДХХ Чегара қўшинлари ва Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги дипломатик ваколатхоналарининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида 8 июл куни фуқароларининг Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасидан эркин ўтишига тўсқинлик қилувчи барча техник ва ташкилий масалалар тезкорлик билан ҳал қилинди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Оператив штаби маълумотларига кўра, 2020 йил 8 июл куни кечқурун ва 9-июл куни “Жибек жоли” – “Ғишт-Кўприк” назорат-ўтказиш пунктидан 3746 нафар фуқаролар ўтказилди.

Ҳозирги пайтда давлатлараро чегарани кесиб ўтишда муаммолар йўқ, назорат-ўтказиш пунктлари одатдагидек ишламоқда, фуқароларнинг тўпланиб қолиши кузатилмаяпти.

Ўзбекистон фуқаролари қайтиб келгандан кейин Республика махсус комиссияси томонидан белгиланган талабларга қатъий риоя қилган ҳолда 14 кунлик карантинга жойлаштирилади.