Фарғона нефт заводи экологияга зарар етказганини тан олди

Фарғона вилояти Тошлоқ туманида ариқларда нефт оқишига фақат нефт заводи эмас, аҳоли орасида ноқонуний нефт қазиб олаётганлар ҳам айбдор экани аниқланди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 10 июл - Sputnik. Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи йиллар давомида ер ости сувларини нефт маҳсулотлари билан ифлослаштириб келинганини тан олди. Бу ҳақида корхона томонидан тарқатилган расмий маълумотда хабар қилинган. 

"Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг 60 йилдан кўпроқ даврдаги фаолияти давомида, турли технологик носозликлар (хом ашё ва тайёр маҳсулотларнинг оқиб кетиши) натижасида сувли ерларда ер ости сувлари ифлосланган катта майдон ҳосил бўлган", - дейилган хабарда. 

Корхона баёнотида айтилишга кўра, "Ўзбекгидрогеология" ДМ, “Фарғонагидросув хўжалиги” институти, "ЎзЛИТИнефтегаз" АЖ, "Гидрогеотехника" ОАОТ билан биргаликда 1992-1997 йилларда олиб борилган чора-тадбирлар натижасида ифлосланган майдони ўлчамлари ва нефт маҳсулотлари салмоғи жиддий равишда қисқарган.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводига 2022 йилгача 875 млн доллар инвестициялар жалб этилади

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида, нефт билан ифлосланиш даражаси Тошлоқ туманидаги барча қудуқларда 2004 йилнинг бошига келиб нефт маҳсулотларининг ҳажми пленка ҳолатигача камайди, дейилган хабарда. 

2005 йилда вилоят ҳокими қарори билан 31,89 га лик майдон Фарғона НҚИЗ балансига ўтказилди. Ушбу участкада 2500 та ноқонуний қазилган қудуқ аниқланган ва улар “Фаргъона НҚИЗ” МЧЖ томонидан йўқотилди ҳамда уларнинг ўрнига мевали боғ яратилди.

Шунингдек, 2006-2007 йилларда Фарғона НҚИЗ томонидан нефт маҳсулотлари сизиб чиқадиган конусда "ОАЗИС" тутиб қолиш тизими барпо этилган. "ОАЗИС" тизими қудуқлари ифлосланишни локализация қилиш бўйича энг самарали механизм ҳисобланади.

Хабарда айтилишига кўра, 2020 йилнинг май ойида ДХХ, ИИВ ва Солиқ ва валюта жинотяларига қарши кураш департаменти билан биргаликда Тошлоқ туманида ўтказилган тадбир давомида 117та ноқонуний қудуқ, 52 та чуқурлик насоси, 205 та турли идишлар, 9757 метр кабель, 847 метр шланг ва салкам 30 тонна нефт ва нефт маҳсулотлари топилган. 

Энг муҳими, ушбу тадбирлар давомида тиндиргич идишлар ёрдамида нефт маҳсулотларини ноқонуний ўзлаштираётган аҳоли томонидан экологик меъёрларни бузиш бўйича кўп сонли ҳолатлар аниқланган. Улар чиқиндиларни яқин атрофда жойлашган ариқлар ва ҳавзаларга тўкиб келгани аниқланган, - дейилган хабарда.

Ушбу ҳолатлар бўйича Давлат экология қўмитасининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан амалдаги қонунчиликка мувофиқ чоралар кўриш учун тегишли баённомалар тузилган.

2020-2030 йилларда заводни модернизация қилиш доирасида янги технологиялар ва замонавий ускуналардан фойдаланиш эвазига атроф-муҳитни ифлосланишига йўл қўймаслик бўйича тўлиқ чора-тадбирлар амалга оширилиши режалаштирилган. 

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи 1960 йиллар бошида қурилган. Завод Қирғули адирларининг шимолий қисмида, тошли-шағалли қатламлар устидаги кам миқдордаги майда донадор тупроқ қатламли жойда жойлашган.