Дума ҳудудлардаги вазиятга қараб мигрантларга квота ажратиш механизмини қўллаб-қувватлади

Ҳужжат маълум бир субъектда миграцион ҳолатдан келиб чиққан ҳолда квоталар ажратиш имконини, шунингдек, чет элликка вақтинча яшашга рухсат бериш учун асослар бор-йўқлигини назарда тутади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 8 июл - Sputnik. РФ Давлат думаси биринчи ўқишда ҳукумат миграция ҳолатини ҳисобга олган ҳолда чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш учун квоталарининг минтақаларда тақсимланишини белгилайдиган лойиҳани қабул қилди. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.

Путин Россия мигрантлар оқимига муҳтожлигини айтди

Ушбу лойиҳа Давлат думасига Вазирлар маҳкамаси томонидан киритилди. Ҳужжат маълум бир субъектда миграцион ҳолатдан келиб чиққан ҳолда квоталар ажратиш имконини, шунингдек, чет элликка вақтинча яшашга рухсат бериш учун асослар бор-йўқлигини назарда тутади.

Лойиҳага изоҳ хатида таъкидланишича, ҳозирги пайтда РФ субъектларида квоталарнинг тақсимланиши тартиби белгиланмаган.

Шунингдек, унда айтилишича, федерал қонун лойиҳаси уни расмий эълон қилинган кундан 90 кун ўтгач кучга киришини назарда тутади. Бунга сабаб - ушбу соҳада норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш зарурияти.

Аввалроқ МДҲ мамлакатлари институти Иқтисодиёт бўлими бошлиғи Аза Мигранян, пандемия даврида Марказий Осиёдан келган мигрантларнинг Россиядан катастрофик чиқиб кетиши кузатилмаётганини таъкидлаган эди. Шу билан бирга, унинг таъкидлашича, чет эллик ишчиларнинг РФдан пул ўтказмалари миқдори ўртача 5-15 фоизга қисқарди.