Ўзбекистонда 1 августга қадар карантин чоралари кескин кучайтирилади

Ўзбекистон ҳудудида 10 июлдан 1 августга қадар карантин чоралари кескин кучайтирилади: автотранспорт ҳаракати ва йирик жамоат объектлари фаолияти чекланади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 8 июл - Sputnik. Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашуви туфайли карантин чоралари кескин кучайтирилади. Бу ҳақида Республика Махсус комиссияси хабар қилмоқда. 

Хусусан, 2020 йил 10 июлдан 1 августга қадар республика миқёсида:

  • автотранспорт воситаларининг ҳаракати чекланди;
  • давлат органлари ва ташкилотларининг асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат таътилига чиқарилиши, қолган қисмининг меҳнат фаолиятини максимал даражада масофадан туриб (онлайн ёки дистанцион тарзда) ташкил этилиши белгиланди;
  • давлат органлари, ташкилотлар ва корхоналарда йиғилишлар ўтказиш тақиқланди, зарур ҳолларда йиғилишларни видеоконференцалоқа режимида ўтказиш белгиланди;
  • ҳудудлар ўртасида автотранспорт воситалари қатнови тақиқланди (қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи ташкилотларга тегишли хизмат ва шахсий автотранспорт воситаларининг ҳаракати бундан мустасно);
  • томоша, маданий-кўнгилочар ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказиш тақиқланди;
  • тўй ҳамда бошқа оилавий маросимларни ўтказиш тақиқланди;
  • 65 ёшдан ошган шахсларнинг жамоат жойларида, шунингдек, аҳолининг кўчаларда ва майдонларда уч кишидан ортиқ бўлиб ҳаракатланиши чекланди.

Ундан ташқари қуйидаги жамоат объектлар фаолияти тўхтатилди:

- парклар ва истироҳат боғларидаги аттракционлар;

- буюм бозорлари ва буюмлар савдоси билан шуғулланувчи йирик дўконлар;

- спорт заллари, фитнес клуб, тренажер ва бассейнлар;

- ташкилий-ҳуқуқий ва мулкчилик шаклидан қатъи назар мактабгача таълим ташкилотлари, ўқув курслари ва ҳар қандай тўгараклар;

- умумий овқатланиш объектлари (ресторан, кафе, ошхона, чойхона) (етказиб бериш (кейтеринг) хизмати бундан мустасно);

- санаторийлар, пансионатлар, болалар оромгоҳлари, меҳмон уйлари, пляжлар ва бошқа дам олиш масканлари;

Шунингдек, халқаро авиақатновлар ва юк ташувлар учун янги тартиблар белгиланди:

- халқаро авиақатновлар хорижий давлатлардаги эпидемиологик вазиятни таҳлил қилган ҳолда икки бараварга қисқартирилади;

- халқаро юк ташувларни амалга оширадиган автотранспорт воситалари хайдовчилари мажбурий тартибда коронавирус инфекциясини аниқлаш бўйича тест топширади.

Лекин айрим саноат ва йирик қурилиш объектлари фаолиятини давом эттиришига қуйидаги шартлар асосида рухсат берилади:

* тегишли объектлар ҳудуди тўлиқ карантинга олинади;

* объектлар ҳудудида санитария ва гигиена қоидаларига тўлиқ риоя этилиши таъминланади;

* санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари билан биргаликда тегишли объектларда санитария-гигиена тадбирлари амалга ошириб борилади;

* объектларга кириш-чиқиш жойларини пирометрлар ва антисептик воситалар, дезинфекцион “тўшак”лар билан жиҳозлаш;

* ходимлар томонидан ижтимоий масофа (2 метр)ни сақлаган ҳолда фаолият юритилишини таъминлаш.