Корея Эксимбанки Ўзбекистондаги қатор лойиҳаларни молиялаштирмоқчи

Корея Эксимбанки қошидаги EDCF жамғармаси билан биргаликда 2021-2023 йилга мўлжалланган иқтисодий ривожланиш ҳамкорлиги тўғрисидаги Битимни ишлаб чиқишни бошлашларига ва имтиёзли молиялаштириш дастурини 500 миллиондан 1 млрд долларгача оширишга келишиб олинди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 8 июл — Sputnik. Сеул шаҳрида Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков Корея Эксимбанки раиси Банг Мун-кью билан учрашди.

Асосли ва конструктив мулоқот давомида кенг доирадаги масала ва таклифлар қамраб олинди. Томонлар 2019 йилда Банк томонидан маъқулланган бир қатор лойиҳалар учун қарз шартномаларини имзолашни тезлаштиришга келишиб олдилар.

Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўзаро савдони 5 миллиард $гача етказиши мумкинми - эксперт

Бундан ташқари, “Тошкент Pharma Парк” фармацевтика кластери, катталар учун кўп тармоқли тиббиёт маркази, саратон клиникаси, тиббий йўналишидаги ОТМ ва кимёвий технологиялар марказини ташкил этиш борасида амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича қурилиш ишларини бошлаш учун техник-иқтисодий асосларни тайёрлаш, маслаҳатчилар ва пудратчиларни танлаш жараёнини тезлаштиришга келишилди.

Шунингдек, Корея томони Ўзбекистон билан молиявий-техник ҳамкорлигини янада кенгайтиришдан манфаатдорлигини билдирди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Корея Эксимбанки қошидаги EDCF жамғармаси билан биргаликда 2021-2023 йилга мўлжалланган иқтисодий ривожланиш ҳамкорлиги тўғрисидаги Битимни ишлаб чиқишни бошлашларига ва имтиёзли молиялаштириш дастурини 500 миллиондан 1 млрд долларгача оширишга келишиб олинди.

“Кореянинг Эксимбанкини Ўзбекистондаги инфратузилма лойиҳаларини шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳаларни молиялаштиришга жалб этишнинг ижобий истиқболлари бўйича ўзаро англашувга эришилди. Корея томони тақдим этилган лойиҳавий таклифларни ўрганиб чиқадиган бўлди”, - дейилган Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарида.

Бундан ташқари, томонлар Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича қўшма жамғарма ташкил этишни муҳокама қилиб, унинг концепциясини яқин келажакда ишлаб чиқишга келишиб олдилар.

Шунингдек, Банк раҳбарияти ҳар икки мамлакат тадбиркорлари иштирокидаги лойиҳаларни молиялаштириш ҳажмини ошириш учун қўшимча кредит линиялари ажратиш орқали Ўзбекистон тижорат банклари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболларини кўриб чиқади.