Жиззах шаҳар ҳокимлиги биноси карантинга олинди

Коронавирусдан холи бўлишга муваффақ бўлган Жиззах вилоятида такроран 25 июнь куни аҳоли орасида COVID-19 аниқланган эди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 7 июл — Sputnik. Жиззахда шаҳар ҳокимлигининг бир нафар ходимида коронавирус аниқлангани сабабли ҳокимлик биноси карантинга олинди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилмоқда.

Хабарда ёзилишича, сўнгги кунларда Жиззах шаҳрида коронавирус билан касалланиш кўпайганлиги муносабати билан ҳудудда вирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида шаҳар ҳокими А.Шукуров топшириғи билан ҳокимлик ходимлари COVID-19 га тест топширган.

Тошкент ва Жиззахда аҳоли орасида 18 та янги коронавирус ҳолати аниқланди

“Ўтказилган тест натижаларига кўра Жиззах шаҳар ҳокимлиги ходимлари ва раҳбариятидан коронавирус инфекцияси аниқланмади. Аммо “Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш маркази” Жиззах шаҳар бўлимининг 1 нафар ходимида COVID-19 инфекцияси аниқланганлиги сабабли “Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш маркази” Жиззах шаҳар бўлими ва шаҳар ҳокимлиги биноси карантинга олинди”, — дейилади хабарда.

Хабарда айни пайтда ҳокимлик ходимлари ўз ишларини масофадан туриб давом эттиришаётгани қўшимча қилинган.

Эслатиб ўтамиз, коронавирусдан холи бўлишга муваффақ бўлган Жиззах вилоятида такроран 25 июнь куни аҳоли орасида COVID-19 аниқланган эди. Вилоятда бир оиланинг икки аъзоси коронавирус қурбонига айланган.