ТОШКЕНТ, 7 июл – Sputnik. Ўзбекистон Олий Мажлиси депутатлари Ҳукуматга тонировка нархини пасайтириш таклифи билан чиқишди. Бу ҳақида Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев ўз телеграм каналида хабар қилмоқда.
Таклифда, хусусан, 1 майдан 30 сентябрга қадар автотранспорт воситасининг орқа ойналарини (100%) ва олд ён (30%) ойналари тонировка қилишга рухсат бериш тартибини жорий қилиш ва бунинг учун БҲМнинг 10 баравари (2 230 000 сўм) миқдорида тўлов жорий этишни таклиф этишган.
Ғаниев ёзишига кўра, кучли қуёш нури - инсон меҳнати самарадорлиги 15%гача пасайиши, унинг териси эрта қариши, кўз тўрпардаси зарарланиши ва тери саратонига сабаб бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, айни дамда тонировка учун йиллик тўлов 11 млн 150 минг сўмни ташкил қилади.