Мутахассис “Шимолий Оқим-2” қачон битиши мумкинлигини айтди

Дания Россиянинг “Шимолий Оқим-2” газ қувурини тугатиш тўғрисидаги қарорини Миллий энергетик хавфсизлик Жамғармаси етакчи таҳлилчиси Игорь Юшков шарҳлади.
Sputnik

Nord Stream 2 AG сўровига биноан Дания энергетика агентлиги Борнхольм оролининг жанубий-шарқидаги “Шимолий Оқим-2” газ қувурининг қурилиши тугалланмаган қисмида лангар билан жойлашувчи кемалардан фойдаланишга рухсат берди.

Миллий энергетик хавфсизлик Жамғармаси етакчи таҳлилчиси Игорь Юшковнинг сўзларига кўра, Дания қарори Россияга “Академик Черский” кемаси билан биргаликда қувур ётқизувчи баржаларни, хусусан, “Шимолий Оқим-2” учун етказиб бериш базаси бўлган Германиянинг Мукран портида жойлашган “Фортуна” ни ишлатишга имкон беради.

Дания “Шимолий Оқим-2”ни янги кемалар ёрдамида битказишга рухсат берди

Мутахассиснинг таъкидлашича, “Шимолий Оқим-2”ни тугатиш бўйича ишлар тезлашиши керак, аммо “Академик Черский” ва “Фортуна” илгари Дания қисмини қурган Швейцариянинг Allseas компаниясининг кемаларидан анча секинроқ ишлайди.

“Швейцарияликларнинг Pioneering Spirit кемаси дунёдаги энг тез қувур ётқизувчи кема бўлиб, у кунига 4-5 километр труба ётқизиши мумкин, “Академик Черский” эса кунига энг кўпи билан 2 километр, “Фортуна” қувур ётқизувчи баржа эса ундан ҳам оз - 1 километр. Аслида иккала участканинг умумий узунлиги 130 километрдан ошмайди, шунинг учун иккала кемадан фойдаланиш тугатиш жараёнини сезиларли даражада тезлаштиради”, - деб тушунтирди Юшков Sputnik радиоси эфирида.

Унинг эслатишича, бугунги кунда “Шимолий Оқим-2” газ қувурининг қарийб 96 фоизи тайёр.

"Бу Россиянинг устувор йўналиши, Россиянинг принципиал позицияси – бу “Шимолий Оқим-2”-ни тугатиш кераклиги. <...> Қурилишнинг кузда якунланиши эҳтимолдан ҳоли эмас”, - деди Юшков.

Экспертнинг қўшимча қилишича, ҳозирда АҚШда “Шимолий Оқим-2”га қарши янги санкциялар муҳокама қилинмоқда.

“Янги санкцияларда айтилишича, “Шимолий Оқим-2” қурилишига етказиб бериш ишлари билан шуғулланадиган портларни ҳам санкцияларга тушуриш мумкин. Бу ерда савол туғилади: АҚШ Европадаги иттифоқчиси - Германияни ҳам жаримага тортадими?”, - деди у.