Ўзбекистонда COVID-19ни юқтирганлик ҳолати бир кунда 342тага ошди

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 10362 нафар бемордан 6690 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 64 %ни ташкил этмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 7 июл - Sputnik. Куни кеча, 6 июль куни 342 нафар коронавирусга чалинганлар сони аниқланиб, рекор кўрсаткич қайд этилди, деб хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Коронавирус қурбонлари, иккинчи тўлқин ва ниқоб масаласи - ССВ вакили билан интервью

"Шу йилнинг 6 июль куни мамлакатимизда 342 ҳолатда касаллик қайд этилган. Шундан 204 нафари карантин муассасаларида, 116 нафари аҳоли орасида, 22 нафари эса халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида аниқланган", - дейилади хабарда.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинган 3 нафар бемор вафот этган.

Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Наманган ва Сурхондарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида кечанинг ўзида 106 нафар фуқаро соғайган.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 10362 нафар бемордан 6690 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 64 %ни ташкил этмоқда.
Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3635 нафар бемордан 25 нафари оғир, 13 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, янги турдаги коронавирус инфекцияси - COVID-19 тарқалишини 11 март куни пандемия, деб эълон қилган эди. БССТ тақдим этган сўнгги маълумотларга кўра, дунёда коронавирус билан беморланганлар сони 11,3 миллион нафарни ташкил этмоқда, 532 мингдан зиёд одам вирус қурбонига айланган.