ТОШКЕНТ, 7 июл — Sputnik. Фарғона вилояти Қирғизистоннинг Боткен шаҳрига тиббий ҳимоя воситалари ва диагностика лаборатория ускуналари кўринишидаги инсонпарлик ёрдамини юборди.
Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистондан ёрдам Боткен шаҳри ҳокими Алишер Абдураҳманов ва Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев ўртасидаги музокаралардан сўнг етказилган.
Топширилган асбоб-ускуналар ва ҳимоя воситаларининг қиймати 6,3 миллион қирғиз сомини (81,5 минг доллар) ташкил этади. Қирғизистон ҳукумати раҳбарияти қийин вазиятда қўллаб-қувватлагани учун Ўзбекистонга миннатдорлик билдирди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Қирғизистонда 8141 та коронавирус билан боғлиқ ҳолат аниқланган. Беморларнинг 2916 нафари тузалиб кетишга муваффақ бўлган. 99 киши вирус қурбонига айланган.