Қудратли нефт давлати устида қора булутлар қуюқлашмоқда

Осойишта ва сербарака пайтларда ҳамма бир-бирига дўстдир, миллий иқтисодиёт хавф остида бўлган даврда эса - ҳамма ўз имконига қараб омон қолишга ҳаракат қилади.
Sputnik

Углеводородлар бозори узра яна булутлар қалинлашди. The Wall Street Journal хабар беришича, бу сафар Саудия Арабистони энди Нигерия ва Ангола билан муносабатларнинг янги кескинлашувига ўтишга тайёрланмоқда, деб ёзади РИА Новости муаллифи Сергей Савчук.

Нашр манбаларининг таъкидлашича, июн ўрталарида, онлайн-конференцияда қиролликнинг Энергетика масалалари вазири, шаҳзода Абдул-Азиз ибн Салмон ушбу икки мамлакат вакилларига қатъий ултиматум билан мурожаат қилиб, нефт қазиб олишни қисқартиришни ва ОПЕК+ сўнгги келишувига биноан олинган мажбуриятларни бажаришни талаб қилди.

Трамп Россия ва Саудия Арабистони билан нефт борасида музокаралар бошланишини эълон қилди

Агар Абужа ва Луанда ишлаб чиқаришни қисқартирмаса, Саудияликлар демпинг сиёсатини қўллаб, уларни асосан Нигерия ва Ангола нефтини оладиган Осиё бозоридан сиқиб чиқариш ҳуқуқини сақлаб қолади.

ОПЕК+ нинг баҳорги келишуви 1 майдан бошлаб ишлаб чиқарувчи мамлакатлар нефт қазиб олишни қисқартиришини ва бу ўз навбатида энергия нархини кўтарилиши орқали бозорларни тўйинтиришни енгиллаштиришини назарда тутади.

Қутқариш режаси дастлабки даврда (май – июн ойлари) жами ишлаб чиқаришни кунига 9,7 миллион баррелга, кейинчалик эса (июл – декабр ойларида) 7,7 миллионга қисқартирилишини ва 2021 йилнинг биринчи ярмида ўртача нархларни ушлаб туриш учун атиги 5,7 миллионга қисқариш етарли бўлишини кўзда тутади.

Келишувнинг ўзида иккита жиҳат қизиқ, дейди РИА Новости колумнисти. Биринчиси: ОПЕК+ доирасида битим тузишни ташаббускори айнан Ар-Риёд бўлган, у қишдаёқ Москвага қарши нархлар урушини эълон қилган ва шунга ўхшаш ултиматумларни қўйган эди.

Иккинчи қизиқ томони шундаки, апрел келишуви барча имзоловчилар учун ихтиёрийдир. Яъни, улар буни бажаришлари ҳам бажармасликлари ҳам мумкин.

Айтиш керакки, ОПЕКнинг асосий таркибий қисми бўлган Нигерия ва Ангола келишувни бошиданоқ амалга оширишга тўсқинлик қилишган, аммо бошқалар қаторида улар энг ашаддий рад этувчилардан узоқроқ бўлишган.

Европа ва АҚШ Саудия нефтидан воз кечмоқда - ОАВ

Май ойи натижаларига кўра, ишлаб чиқаришни қисқартириш режасига қониқарсиз амал қилинаётгани маълум бўлди: масалан, Ироқ ва Габон уни ярмига бажарди, Қозоғистон, Нигерия ва Ангола эса учдан икки қисмига бажарган. 18 июн куни вазирлар назорати қўмитасининг йиғилишида қозоғистонликлар етмаётган ҳажмни қоплашни режалаштирганлигини эълон қилган бўлса, Африка қитъаси вакиллари эса нархларни камида минимал фойда даражасига олиб чиқишга имкон бермайдиган даражада қазиб олишни давом эттирмоқдалар.

Қўшимча қилиш керак: апрел ойида, элликта танкер етказиб бериш тўхтатилгани фонида, Нигерия фаол равишда ўзининг Bonny Light ва Qua Iboe навларини Брент-дан ўртача уч долларга арзонроқ нархда сотишни бошлади. Бу билан у ўз  мажбуриятларидан қочаётганини намойиш қилди ва  Саудия Арабистони томонидан эътирозларга сабаб бўлди, чунки паст нархлар қироллик бюджетига жуда оғриқли зарар етказаётган эди.

Бу йил саудияликлар учун жуда умидли бошланган эди. Декабр - январ ойларида Saudi Aramco давлат гигантининг акциялари улуши рекордли 29 миллиард долларга сотилди, нефтнинг бир баррели эса етмиш доллардан сотилган эди.

Қироллик бюджети тўлиқ бажарилиши учун нефтнинг бир баррели - 80 доллардан сотилиши керак, лекин нефтнинг жорий нархи - 40 доллар. Нефт ва газ даромадлари ялпи ички маҳсулотнинг ярмини ва экспорт даромадининг 70 фоизини ташкил этадиган Саудия Арабистони бозорни тиклашдан энг биринчи манфаатдор экан мантиқан тўғри. Ахир йил охирига келиб, Fitch маълумотларига кўра, Саудия бюджети тақчиллиги 15% дан ошиб, 100 миллиард долларга етади.

Саудия Арабистони "Катта йигирматалик" фавқулодда саммитини онлайн режимда чақиради

Мавжуд вазиятни енгиб ўтишда асосий қийинчилик - самараси шубҳали бўлган ультиматумлар дипломатиясидан ташқари, Нигерия ва Ангола ҳам худди шундай қийинчиликларни бошдан кечираётганидир. Уларнинг олдида оддийгина танлов бор: онгли равишда ўз иқтисодини бўғиб қўйиш ёки Россиядан ўрнак олиб, саудияликлар билан қарама-қаршиликка бориш.

Асосий кўрсаткичларни ўрганиб чиқсак танловнинг танқислиги аён бўлади: Нигерия нефт қазиб олиш бўйича дунёда саккизинчи ва Африкада биринчи ўриндадир, кунига икки миллион баррел қазиб олинади. Углеводород экспорти ялпи экспорт тушумининг 90% дан ортиғини ташкил этади.

Ангола ҳам ундан ортда қолмаяпти, у ўнлаб йиллар давом этган қонли фуқаролик урушидан кейин Конго ҳавзасидаги нефтига асосланган тизимли ривожланишга ўтишга муваффақ бўлди. Кунига бир ярим миллион баррел ишлаб чиқарадиган Анголанинг нефт бозори ExxonMobil, Total, Chevron ва British Petroleum томонидан эгаллаб олинган ва ишлаб чиқаришнинг пасайишидан бу компаниялар унча мамнун бўлмайдилар.

Ер ости бойликлари бу ерда ялпи ички маҳсулотнинг 37 фоизини, давлат даромадларининг 75 фоизини ва (Нигерияга ўхшаб) экспорт тушумининг 90 фоизини ташкил қилади. Шунга қарамай, охирги тўрт йил ичида Ангола иқтисодиёти салбий ўсиш суръатларини кўрсатмоқда.

ОПЕК-нинг ушбу икки аъзоси ўзларининг ягона ликвид маҳсулоти – энергия ташувчиларни таклиф қилиб, омон қолиш учун курашаётганларидан ҳайратланарли ҳол эмас.

Саудия Арабистонига нефт уруши қимматга тушади - Bloomberg

Саудияликлар картел бўйича ўз ҳамкорларини ишлаб чиқаришни қисқартиришга мажбурлаш усули алоҳида кўриб чиқишга арзийди, чунки бу ўйин ультиматум муаллифларининг кутганларидан кўра бутунлай бошқача якунланиши мумкин.

Бу иккала мамлакатдан ҳам икки баравар кўп нефт ишлаб чиқарадиган Саудия Арабистони Ангола ва Нигерияни Осиё-Тинч океани минтақаси бозорларидан фақатгина назарий жиҳатдан сиқиб чиқариши мумкин.

Чунки Хитой ва Ҳиндистон бозори нафақат африкаликлар учун, балки саудияликлар учун ҳам манфаатли ва муҳимдир. Айнан Осиё-Тинч океани минтақасига экспортнинг ўттиз фоизга қисқариши, биринчи чоракда қироллик бюджети 11 миллиард долларни йўқотишига олиб келди. Олти ойлик маълумотлари ҳали йўқ, аммо улар яхшироқ натижани кўрсатмайди.

Осиё бозорини рақобатчилардан бир неча долларга арзонроқ нефт билан тўлдириш - бу боши берк кўчага юриш билан тенг. Чунки Ҳиндистон касаллар сонининг кескин ошиши сабабли яна чуқур карантинга чўкади, Хитой эса, тикланишга ўтган ягона иқтисодиёт сифатида, бошқа таклифлар ичидан хортиржам танлаши мумкин.

ОАВ: америкалик дипломатлар Саудия Арабистонини тарк этади

Дунёда нефт нафақат Яқин Шарқда қазиб олинади, АҚШнинг ўзида нефт омборлари рекорд даражагача тўлдирилди. Эталонли Brent ва WTI-ларнинг 540 миллион баррели ўз харидорини кутмоқда, ва шубҳа йўқ, америкаликлар ҳаддан ташқари ишлаб чиқариш тузоғидан қутулиш мақсадида, уни катта мамнуният билан ҳар кимга сотиб юборади.

Айрим давлатлар халқаро ҳамжамият билан ультиматумлар тили ёрдамида алоқа ўрнатишга уринаётгани самарасиздир, ва бу ҳар кимни ҳам чўчитмай қўйди. Бироқ, Ангола ва Нигерия нефт ўйинининг қоидаларини қабул қилиш-қилмаслигидан қатъи назар, кескинлик фақат кучаяди.

Ҳеч бўлмаганда глобал пандемия тугаб, саноат яна миллионлаб баррел ва миллиард кубометр ёқилғига эҳтиёжни сезмагунча.

Бу осойишта ва сербарака пайтларда ҳамма бир-бирига дўстдир, миллий иқтисодиётнинг омон қолиши хавф остида бўлган даврда эса ҳамма ўз имконига қараб омон қолишга ҳаракат қилади.