Самарқандда туғилган сиам эгизаклари уч соат фарқ билан вафот этди

Самарқандда туғилган сиам эгизаклари 10 кун ҳам яшамади. Чақалоқларда нафас ва юрак етишмовчилиги бўлган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 6 июл — Sputnik. Самарқанд вилоятида туғилган сиам эгизаклари вафот этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилмоқда.

Таъкидланишича, чақалоқларда нафас ва юрак етишмовчилиги бўлган. Уларнинг доимий намланган ва илитилган кислород билан нафас олиши ва тажрибали мутахассислар назоратида бўлиши зарур бўлган. Шу боис эгизаклар 29 июнь куни Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига ўтказилган.

"Аҳволи оғир": шифокор Самарқандда дунёга келган сиам эгизаклари соғлиғи ҳақида

Бироқ 6 июль куни шифокорлар томонидан кўрсатилган тезкор муолажаларга қарамасдан чақалоқларда кўп сонли туғма ривожланиш нуқсонлар борлиги сабабли дастлаб соат 7:50 да сиам эгизакларининг биринчиси, 10:50 да эса иккинчиси нафас ва юрак етишмовчилиги туфайли вафот этган.

Эслатиб ўтамиз, сиам эгизакларининг дицефал турига мансуб эгизак қизлар 27 июнь куни Самарқанд вилояти перинатал марказида кесарча кесиш натижасида туғилгани хабар қилинган эди.