Ўзбекистонда коронавирус: 6 июль асосий хабарлари

Бугуннинг ўзида 138 нафар бемор тузалиб, реабилитацияга кузатилди. Республика бўйлаб жами соғайганлар сони 6 584 нафарга етди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 6 июл — Sputnik. Sputnik Ўзбекистон республикадаги эпидемиологик вазият тўғрисида асосий хабарларни тўплади.

COVID-19 дан холи ягона вилоятда аҳоли орасида янги ҳолат аниқланди

Бир сутка давомида 321 кишида коронавирус аниқланди, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 10 284  нафарни ташкил қилмоқда.

Янги касалланиш ҳолатларининг 118 нафари Тошкент шаҳрида (шундан 46 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 72 нафари аҳоли орасида), 20 нафари Андижон вилоятида хориждан кириб келган ва карантинга олинган фуқаролар орасида, 3 нафари Фарғона вилоятида аҳоли орасида аниқланган.

Даволаниш кўрсаткичи

Бугуннинг ўзида 138 нафар бемор тузалиб, реабилитацияга кузатилди. Республика  бўйлаб жами соғайганлар сони 6 584 нафарга етди.

Айни пайтда 3 664 нафар беморга белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда. Даволанаётган беморларнинг 8 нафари – ўта оғир аҳволда. 25 нафарининг аҳволи оғир, 285 нафари –  ўрта оғир, 3206 нафари – қониқарли ҳолатда. Беморларнинг 172 нафарида пневмония кузатиляпти.

Ҳудудлар тоифалари

Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 29 майдаги йиғилиш баёнида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, жорий йил 20 июнь ҳолатига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан киритилган таклифлар, беморларни бутунлай соғайиши ҳамда эпидемик вазиятни эътиборга олган ҳолда туман (шаҳар)ларнинг тоифалари ўзгартирилди.

Республикадаги 28 та туман ва шаҳарлар “қизил” ҳудудга, 57 таси “сариқ” ҳудудга, 118 та туман ва шаҳарлар эса “яшил” ҳудуд тоифасига киритилган. Бу ҳақда батафсил.

Тоифадаги ҳудудлар рўйхати яна янгиланди

Ўлим ҳолатлари

Тошкент шаҳри Олмазор туманида яшовчи 67 ёшли Л.М. (эркак киши) ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди.

Тошкент шаҳри Олмазор туманида яшовчи 67 ёшли Л.М. (эркак киши) жорий йил 26 июндан томоғида оғриқ, тана ҳарорати кўтарилган, аммо шифокорга мурожаат қилмасдан уйида даволанган. 1 июль куни эса йўтали кучайиб, нафас сиқиши белгилари пайдо бўлгач, тез ёрдам чақирган ва тез тиббий ёрдам машинасида Тошкент шаҳар 2-сон юқумли касалликлар шифохонасига олиб борилган.

Бундан ташқари, Учтепа туманида яшовчи А. (эркак киши) ўткир нафас ва юрак  қон -томир етишмовчилигидан вафот этди.

Бемор бир неча кун давомида тана ҳароратининг кўтарилиши, томоғида оғриқ ва ҳолсизлик бўлишига қарамасдан шифокорларга ўз вақтида мурожаат қилмасдан, уй шароитида даволаниб юрган. 2 июль куни Республика ихтисослаштирилган Фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт марказида тиббий кўрикдан ўтган ва текширув натижасига кўра, пульмонолог тавсиясига асосан Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонасига юборилган.

43 ёшли  беморга “Икки томонлама пневмония, ўткир нафас етишмовчилиги 2-даража, семизликнинг  3-даражаси” ташхиси қўйилган. Унда коронавирус инфекцияси ҳам аниқланган.

Дунё саломатлиги

Сўнгги маълумотларга кўра, инфекцияни юқтириб олган кишиларнинг сони 11,4 миллиондан ошди, 534 минг киши вафот этди. Энг кўп ҳолатлар АҚШда (2,9 млн), Бразилияда (1,6 млн), Ҳиндистонда (697 минг).